Get Mystery Box with random crypto!

#Муносабат #Шахсий_фикр ЎЗБЕК АЁЛИ ДОИМ МЕҲРГА ТИМСОЛДИР Би | Odiljon Tojiyev

#Муносабат #Шахсий_фикр

ЎЗБЕК АЁЛИ ДОИМ МЕҲРГА ТИМСОЛДИР

Бизда аёллар қадимдан миллат тарбиячиси сифатида алоҳида иззат қилинган, мўътабар саналган. Халқимизда “Она чорлаганда нега деб сўралмайди”, деган машҳур ибора ҳам бор.

«Podrobno.uz» ахборот нашрида эълон қилинган “Ўзбекистонлик муҳожирлар Москвадаги кўчаларнинг бирида болалар майдончасидан беш ёшли қизни ўғирлаб кетишга ҳаракат қилиб кўрмоқчи бўлди” сарлавҳаси остида хабарни, шу аснодаги муҳокамаларда билдирилган фикрларларни ўқиб, эзилдим, ичим ачишди.

Кейин ўйлаб кўргач, мазкур нашрга муносабат ёзишга қарор қилдим. Чунки битта ҳолат ва вазият билан чэт элларда юрган юртдошларим, айниқса, опа-сингилларимизни ёмонга чиқариш оғир айблов.

Хўш, нима бўлганди ўзи? Қайд этилишича, Москва шаҳрининг Гольяново туманида номаълум аёл болага яқинлашиб, унинг қўлидан ушлаб, олиб кетишга уринган. Бироқ қизнинг онаси Инна Багренина воқеадан хабар топиб, қизини бегона шахсдан олиб қўйишга улгурган. Шунингдек, хабарларда маълум қилинишича, болани ўғирлаб кетишга уринган шахс 21 ёшли Ўзбекистон Республикаси фуқароси Сожидахон Рўзибоева эканлиги айтилмоқда.

Аввало, бу вазиятни ҳуқуқ-тартибот идоралари яхшилаб ўрганишлари керак. Бу ерда қандайдир ички низолар ёки бошқа гаплар ҳам бўлиши мумкин. Бошқа томондан олганда, майли, шундай бўлди ҳам дейлик. Бунда нима учун нияти пок, қалби очиқ, юзлари меҳрга тўла ўзбек аёллари ёппасига айбдор бўлиши керак? Бу – масаланинг бир томони.

Бошқа томондан олганда, бизнинг аёллар эмасмиди 1941 йилда минглаб ёш гўдакларни бағрига олган? Айнан ўзбек аёли эмасмиди чоққина, камхаржгина оиласига 14 нафар турли миллат вакилларини сиғдирган?

Умуман, миллатнинг яхши ёмони бўлмайди. Ҳар бир миллат – турли дунёқараш ва истаклардан иборат улкан социум. Айрим шахслар туфайли халқни айблайдиган бўлсак, инсониятнинг боши урушдан чиқмаган бўлар эди. Буни тушуниш учун Ломоносов бўлиш шартмас. Асл ҳақиқат шуки, ўзбек онаси, ўзбек аёли меҳрга тимсолдир. Оналаримиз, бувиларимиз, опа-сингилларимиз доим болам-чақам деб, уйим-рўзғорим, деб яшашган.

Бу воқеалар фонида, мигрантлар билан боғлиқ мураккаб вазият, муаммолар яна юзага қалқиб чиқди. Аввало, мамлакат ичида вужудга келаётган янги иш ўринларини потенциал мигрантларга кўпроқ тарғиб қилиш, шунинг баробарида, чет элга кетиш ниятидаги мигрантларни пухтароқ тайёрлаш, керак бўлса, индивидуал ёндашиш масаласи янада актуаллашди.

Мен миллатимизни яхши кўраман. Халқимиз турли сабабларга кўра, ризқ-насиба ахтариб, саёҳат қилиб, бизнес ёки таълим мақсадида, дунё кезаркан, ҳамиша гўзал ўзбекона ахлоқ ва маданиятни ғурур билан тарғиб қилиб юришларини астойдил истайман...

@odiljon_tojiyev