Get Mystery Box with random crypto!

#Менинг_Конституциям #Муҳокама_якуни Бугун Қонунчилик палатас | Odiljon Tojiyev

#Менинг_Конституциям #Муҳокама_якуни

Бугун Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда умумхалқ муҳокамаси якунлари ҳамда галдаги режалар кўриб чиқилди.

Умумхалқ муҳокамаси қандай ўтгани ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Буни ўзингиз кўрдингиз ва гувоҳи бўлдингиз. Қисқа қилиб айтиш мумкин бўлса, Ўзбекистон тарихида илк марта Конституциявий ислоҳотлар ниҳоятда очиқлик ва шаффофлик шароитида, кенг қамровда ўтказилди, дейишга тўла ҳақлимиз. Беистисно равишда барча жабҳада халқнинг фикри инобатга олинди, эшитилди.

Мажлисда таъкидланганидек, махсус комиссия фаолиятининг энг масъулиятли даври бошланмоқда. Яъни муҳокамада келиб тушган ўринли таклиф ва фикрларни, конституциявий норма сифатида, Бош қомусимизда тўла-тўкис, бенуқсон акс эттириш. Жамоа шу йўналишда туну кун, бор масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ишламоқда.

Шу ўринда комиссия фаолияти билан кенгроқ таништириш мақсадида, умумхалқ муҳокамаси жараёнининг айрим қизиқарли деталлари ҳақида тўхталамиз.

Иш жараёнида шундай таклифлар бўлдики, фуқаро фикрини юридик жиҳатдан таъриф, таҳрир қилиб беролмаяпти, аммо ғоя, фикр жудаям ўринли, асосийси, долзарб мавзу кўтарилган. Шундай вазиятда масъул қўмиталарнинг ўзи томонидан тегишли таклиф матнлари тайёрланди. Масалан, “инсоннинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши” борасида берилган таклифга асосан “Меҳнатга оид ҳуқуқлар давлат ҳимоясидадир. Давлат органлари меҳнатга оид ҳуқуқлар бузилишига йўл қўймаслик чораларини кўради” деган таклиф матни ишлаб чиқилди.

Худди шунингдек, “Давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳақида берилган таклифдан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқларга эга” деган таклиф тайёрланди.

Савол-жавобларга бой бўлган мажлисда фуқароларимиз томонидан давлат органлари фаолиятининг очиқ бўлиши ва уларга коррупцияга қарши курашиш мажбуриятини юклаш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, маҳаллий Кенгашларга ҳам ҳокимларга ишончсизлик вотумини билдириш ваколатини бериш каби билдирилган айрим таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.

Мажлисда Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришда эътибор қаратиладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

@odiljon_tojiyev