Get Mystery Box with random crypto!

*** 2012 йилнинг апрели бўлса керак, Фейсбукда бир ака билан | Mukhammadaziz posts

***

2012 йилнинг апрели бўлса керак, Фейсбукда бир ака билан “дўстлашдим”. Ихтисослиги бўйича математик, лекин бошқа соҳалар, хусусан, тарихга анча қизиқар эди. Ёзган постлари, қўйган расмлари у киши ҳақида “анча дунёвий, диндан узоқроқ” деган тасаввурни берарди.

Бир куни шахсий хабар орқали гаплашдик. Тасаввурларим ўзгариб кетди: у киши аслида диндор, намозларини канда қилмайдиган, Ислом тарихидан ҳам яхшигина хабардор экан. Шундан кейин ора-сирада ёзишиб турадиган бўлдик.

Лекин қизиқ жиҳати, ака омма учун ўзгармади: ўша дунёвий, ўзини тўлиқ замонавий қилиб кўрсатадиган қиёфасини сақлаб қолди – аксар дўстлари рус ёки русийзабон ўзбеклар бўлиб уларни турли муносабатлар билан табриклаб, дил изҳорлари ёзарди.

2013 йилнинг сўнгги кунлари эди. Бир куни шахсийда ўзлари ёзиб қолдилар: “Сиз менинг хатти-ҳаракатларимдан ажаблансангиз керак-а? Ўзаро суҳбатда диндор кўринаман, кўпчилик ичида умуман диндан узоқман”. “Хатосини ўзи ҳам билар экан-ку. Маломат қилмай қўя қолай”, деб ўйладим-да, “Ака, хатолигини билар экансиз, гапирганимдан фойда борми?” – дедим.

Шунда бир гап айтдилар, бугунгача эсимдан чиқмайди: “Ука, ўзимдан шундай, замонавий йигит кўринишини ясаб олганман. Мени ҳаётда ва Интернет орқали таниганлар худди ўзларидек деб билишади. Шунинг учун туғилган кун, турли хил байрамлар билан табриклаш эътиқодимга зидлигини билсам ҳам ўша “имидж” туфайли тўхтай олмаяпман. Энг ёмонини айтайми? Ўтган йиллари рус дўстларимни фақат янги йил билан табриклардим. Бу йил рождествони ҳам қўшдим. Бу ишларга қанчалик киришсам, шунчалик чуқурлашиб кетяпман...”

Очиғи, “Аллоҳ ислоҳ қилсин, ҳидоятидан адаштирмасин”, дея олдим, холос...

Ўша ака кейинги йил охирига етиб бормади. 2014 йил кузида 44 ёшида вафот этди. Пешинни ўқиб бироз дам олиш мақсадида ётган экан. Уйғонмабди... Аллоҳ раҳматига олсин.

***

Ўтган йили аввал муфтийнинг собиқ ўринбосари Абдулазиз Мансур “Янги йилни нишонлашнинг шаръан зарари йўқ” деганида ҳам, ундан бироз кейин муфтийнинг бошқа бир ўринбосари Иброҳим Иномов “Аслида арчани безатиш диний нуқтаи назардан эмас, балки соғлиқ жиҳатидан фойдалидир” деб “кашфиёт” қилганида ҳам уларни тушунишга ҳаракат қилдим: умр бўйи буйруққа кўра гапириб келганлар ёши бир жойга борганида балки шу гапларни ўзлари ҳам ҳақиқат деб эътиқод қилганидан айтгандир?...

***

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга нисбат бериладиган бир гап бор: "Эътиқодингизга кўра яшамас экансиз, яшаётганингизга кўра эътиқод қилиб қоласиз". (Афсуски, уч йил аввал бу гапнинг манбасини узоқ қидириб, барибир, топа олмаганман. Акс ҳолда, "Буни Умар розияллоҳу анҳу айтган", деб иккиланмай ёзган бўлардим.)