Get Mystery Box with random crypto!

Эътиқод бир кунда ўзгарадими? Бугун бир нарсани аниқ биламан: | Mukhammadaziz posts

Эътиқод бир кунда ўзгарадими?

Бугун бир нарсани аниқ биламан: мусулмон киши бир кунда ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром дейдиган бўлиб қолмайди. Яъни, унинг фикри, эътиқоди тубдан ўзгариб кетиши учун кўп йиллар ва бу йиллар давомида тиним бермай уни қийнаб келган шубҳалар керак бўлади...

***

Шаҳардаги машҳур имомлардан бирининг мухлиси эдим, жумага фақат ўша масжидга борардим.

2005 йил 30 декабр жума кунига тўғри келганди. Ўша масжидга бордим, у пайтларда ҳозиргидек жума тезислари олдиндан белгилаб берилмас, имомлар анча эркин маъруза қиларди.

Имом қайси мавзуда гапиргани эсимда йўқ, аммо охирида, соат 13:00 дан ўтганида “Мана, эртага йил якунланади. Аммо янги йилни нишонлаш, бу кун муносабати билан дастурхон ёзиш мусулмон кишига жоиз эмас. Ҳатто ўша куни бошқа кунлардагидан тансиқроқ овқат қилиш ҳам нотўғри. Дастурхон оддий, ҳар кунгидек бўлиши, бошқа кунлари мастава ичган бўлса, бу кунда ҳам шунга ўхшаш бўлиши лозим. “Йилни эслаб, сарҳисоб қилиб ўтирамиз”, деган баҳоналар ҳам ўтмайди”, деб кескин гапирди... (Ўша гаплари шунчалик кучли эсимда қолганидан айнан “мастава”ни айтгани ҳалигача ёдимда.)

Йиллар ўтди. Бу орада бир муддат Ўзбекистонда бўлмадим, “Ал-Азҳар”да ўқишда эдим. Кейин паспортимни алмаштириб кетиш учун ватанга қайтдим. Яъни, орада қандайдир ўзгаришларни ўтказиб юбордим...

2011 йил 30 декабр жума кунига тўғри келганди. Яна ўша имом минбарга чиқди. Бу сафарги маъруза мавзуси ҳам эсимда йўқ. Аммо охиридаги гапини унутмайман: “Мана, эртага йил якунланади. Уни байрам қилиб нишонлаш мусулмон кишига жоиз эмас. Аммо йил сарҳисобини қилиш, кейинги йил режаларини тузиш мақсадида оила-бола-чақа даврасида, ҳаром ичимликлардан четланиб, дастурхон тузаб ўтиришнинг зарари йўқ. Ҳаммамиз кун якунида бугун қилган ишларимизни ҳисобот қиламиз-ку, бу ҳам шунга ўхшаш иш-да”, деди.

Хотирамдан нолимайман, бу имомнинг атиги 6 йил аввалги гапи эсимда турибди, шунинг учун худди очиқ осмонда чақмоқ чақнагандек бўлди: “Бунчалик ўзгаришга сабаб нима?”

***

Олти йил бўлди, бир қадрдон акамиз билан баҳслашиб қолдим. Мен баъзи имомларимиз минбардан туриб эътиқодга зид, хато гапларни гапираётгани учун уларни маломат қилдим. Суҳбатдошим эса “Улар шунга мажбур. Агар шу гапларни гапирмаса, МХХ уларни тинч қўймайди. Сиёсатни биласиз-ку”, деб оқлашга ҳаракат қилди.

“Хўп, унда ишдан кетсин. Уларнинг пешонасига милтиқ тираб ўша ерда ушлаб туришмагандир?” – дедим. “Э, кетган билан ўрнига яхшироғи келади, деб ўйлайсизми?” – дегандилар, “Ҳар ҳолда ўзини қутқаради-ку. Сиз бир нарсани ҳисобга олмаяпсиз: булар аввал ўша юқоридан буйруқ бўлгани, мажбурлангани учун ботил гапни гапирарди. Аммо охирги вақтда кузатишимча, баъзилари ўша гапларни эътиқод билан, “ҳақиқатни гапиряпмиз”, деган қатъий фикр билан айтяпти. Ботил қалбга шундай киради – бугун уни мажбурликдан қиласиз, аммо бу “мажбурлик” мунтазам давом этса, ўзингиз ҳам шу ботилнинг “ҳақ”лигига ишониб қоласиз. Хуллас, бугун мажбурликдан эмас, ўзи шунга ишонгани учун ботилни ҳақ деяётганлар кўп”, дедим.

Баҳсимиз тугади.

Орадан икки йил ўтиб, Каримов ўлди. Яна бир йилча ўтиб ўша акамиз билан айни мавзуда суҳбатлашиб қолдик. “Мен булар мажбурликдан нотўғри нарсаларни гапиради, деб ўйлардим. Аммо айтганингиздек, кўпчилиги ботилни гапиравериб, қалбига сингиб кетибди”, дедилар...