Get Mystery Box with random crypto!

​​#Ҳикоят Бир одам кураш санъатида зўр маҳорат қозонди, у уч | 🌙Намоз Жаннатнинг Калити🌙

​​#Ҳикоят

Бир одам кураш санъатида зўр маҳорат қозонди, у уч юз олтмиш ҳийлани билар ва ҳар куни бир ҳийлани ишлатиб, курашар эди. Шогирдларидан бирига майл кўрсатгани сабабли унга уч юз эллик тўққиз ҳийлани ўргатди. Аммо бир ҳийлани ўргатишни ҳар
турли баҳоналар билан пайсалга солиб юрди.
Хулосаи калом, шогирд қудрат ва санъатда камолотга эришди, у билан бел олишишга ҳеч кимсада
қудрат ва журъат йўқ эди. Иш шу даражага бориб етдики, бир куни у подшоҳ ҳузурида деди: «Устозимнинг фақат биргина афзаллиги бор, у ҳам бўлса,
унинг ёши улуғлиги ва менга тарбия берганлигидир. Йўқса, кучда ҳам, маҳоратда ҳам мен ундан қолишмайман!»
Бу сўз подшоҳга ёқмади. Устозу шогирднинг кураш тушмоқларини буюрди. Катта майдонни ҳозирладилар. Подшоҳ бошлик аркони давлат, аъёни мамлакат ҳамда ўша юртнинг барча паҳлавонлари ҳозир
бўлдилар. Шогирд бамисоли маст филдек жўшиб майдонга кирди, гўё қаршисида темир тоғ бўлса уни емириб ташлагудек эди. Устоз шогирди кучда ортиқ
эканини англади. У пинҳон тутиб юрган мазкур нодир ҳийласини ишга солиб курашмоққа бошлади. Шогирд устознинг ҳамласини дафъ этишдан ожиз келди. Устоз ҳарифини икки қўли билан боши узра кўтариб, ерга
урди. Халойиқнинг ҳой-ҳув садолари кўкка ўрлади.
Подшоҳ устозга сарпо бермоқни буюрди, шогирдни эса, таъна-маломатлар қилиб, деди: «Ўз устозингта бевафолик қилиб, уни мағлуб этаман, деб мақтандинг, лекин айтган сўзингнинг уддасидан чиқа олмадинг! »
Шогирд деди: «Эй подшоҳи олам, устозим куч билан мендан устун келгани йўқ, балки кўп вақтдан
бери менга ўргатмай, яшириб юрган бир ҳийласи туфайли мени мағлуб эта олди».
Устоз деди: «Мазкур ҳийлани ана шундай бир кун учун сақлаб қўйиб эдим, чунки уламолар: «Дўстга, бир куни агар у душманчилик қилса, ўзингни мағлуб эта олажак куч бермагил», деганлар. Шогирдидан жафо кўрган устоз нима деганини эшитмаганмисан?

Ёки вафо ўзи йўқдир оламда,
Ё киши қўлламас уни бу замон.
Ўзимдан ўқ отиш ўрганган киши
Букун кўкрагимни қилмоқчи нишон».

Саъдий "Гулистон" асаридан

Каналга уланиш


@Nomoz_Vaqti