Get Mystery Box with random crypto!

ҚИЗИМ Дада, дейсан такрор ва такрор, Эркагинам, жоним, шўх қи | Nodir Jonuzoq kutubxonasi

ҚИЗИМ

Дада, дейсан такрор ва такрор,
Эркагинам, жоним, шўх қизим.
Қандай маза сенинг даданг бор,
Менинг эса дадам йўқ, қизим.

Отасизлик хўп оғир экан,
Жон-жонимга санчилар тикан.
Мендан рози бўлдилармикан?
Булар савол эмас, ўқ, қизим.

Жон бўғзимга тиқилиб турар,
Етмиш марта йиқилиб, турар.
Фақат менга тикилиб турар -
Армонларнинг кўзи лўқ, қизим.

Тақдир дея, демагайман "ғинг"
Лек бир дардим бўлади минг-минг.
Мен шўрликка аччиқ қисматнинг
Қилганлари доим дўқ, қизим.

Соғинч ғамга аламни улар,
Тиғ панжаси юрагим тилар,
Ўлганимнинг кунидан кулар
Бу кўз, аммо бағрим чўғ, қизим.

Мен дадангман - дадамдан нишон,
Дадам - шараф, дадажоним - шон.
Тушадилар жаннатга, ишон,
Бундан жуда кўнглим тўқ, қизим.

"Дада" дейсан такрор ва такрор,
Эркагинам, жоним, шўх қизим.
Қандай маза сенга - даданг бор!
Менинг эса дадам йўқ, қизим.

2022 йил 17 июнь
жумъа, соат 09:15

https://t.me/Botirjon_Ergashev