Get Mystery Box with random crypto!

​​Ойнадан ўпкаламайлик Сўнгги кунларда кўп муҳокама қилинаётг | Нугманов LIVE

​​Ойнадан ўпкаламайлик

Сўнгги кунларда кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири бу Беларусдан Ўзбекистонга келган IT мутахассислари ва уларнинг Ўзбекистондаги илк таассуротлари ҳақидаги гаплари бўлмоқда.


Агар кўзингиз тушмаган бўлса, эслатишим мумкин, Минскдан Тошкентга келган дастурчи мутахассислар ўқиган, эшитган маълумотлари бўйича аввалига бу ерда барчаси яхши, яшаш арзон, бошқа шароитлар ҳам идеалга яқин деб ҳисоблашган ва Тошкентга келишган. Аммо жуда кўплаб муаммоларга дуч келган. Интернет тезлиги, унинг нархи, Тошкентда уй ижарага олиш, маклерлар, йўллардаги муаммолар ҳақида биз учун аччиқ, аммо ҳақиқатни гапирган.

Албатта, ватанпарвар сифатида бир неча беларуснинг гаплари кимгадир оғир ботиши мумкин. Ҳар куни ислоҳотлар, туризмни ривожлантириш, сайёҳларни жалб қилиш бўйича янги ютуқлар ҳақида гапириб келаётганимизда биздан унчалик узоқ бўлмаган, катта фарқ қилмайдиган давлатдан ташриф буюрганлар ҳам шунақа гапириб турса, оғир ботиши мумкин, аммо аслида бу фақат яхшиликка.

Биз ўзгаришлар ҳақида ҳар куни гапирганимиз билан бу ҳақиқий баҳо бўла олмайди. Аслида, туристик салоҳиятимиз қандай аҳволда эканига мана шу беларуслик йигитлар каби четдан келганлар баҳо бера олишади. Интернет аслида қандай, яшаш қандай, шароитлар қандай — тўғри баҳони бу жамиятда мутлақо янги одамлар бера олади. Чунки уларга бизга кўринмаган жиҳатлар ҳам кўринади. Келинг, тан олайлик, ростан ҳам интернетимиз қанчалик арзонлашмасин, расво ҳолатда, йўлларимиздаги аҳвол ундан ҳам баттар, уй ижараси тизимида бир тартиб йўқ, кўпроқ «кўча»га ўхшайди. Дўппини бошдан олиб ўйласак, беларусликлар бизга ойна тутганини тушунамиз.

Бизнинг, жамиятнинг, давлатнинг вазифаси эса бу каби ҳолатлардан хулоса чиқариш, камчиликларни бартараф этиш. Келгусида келадиган сайёҳларнинг фикрини ўзгартирадиган даражадаги ўзгаришларни амалга ошириш. Ана шунда ҳамма ютади, ривожланиш ҳам бўлади. Ҳозирча эса борини тан олишимиз, қабул қилишимиз керак. Бу каби ҳолатларга ечим топишимиз керак.