Get Mystery Box with random crypto!

​​Ўзбек аёли учун энг катта совға бу — сифатли таълим Бугун ҳ | Нугманов LIVE

​​Ўзбек аёли учун энг катта совға бу — сифатли таълим

Бугун ҳаётимиздаги энг муҳим инсонлардан бўлган муҳтарама аёлларимизнинг байрами кенг миқёсда нишонланмоқда. Қаерга қараманг, йигитлар гул билан чиройли ўрамларни қўлтиқлиб, чопиб юрибди.

Аслида аёлларни қадрлашимиз учун алоҳида бир куннинг ҳам кераги йўқ. Чунки ҳар бир ўзини ҳурмат қилган эркак зоти онасини, аёлини, фарзандини, опа-синглисини қадрлаши учун бир кунни кутиб ўтириши ҳам шарт эмас. Аёлларни ҳар доим қадрлаш — бурчимиз.

Уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, ўзини ўзи таъминлай оладиган даражага чиқишига эришиш ҳар бир оила бошлиғининг вазифаси дейиш мумкин. Агар фарзандингиз бўлса, уни қандай турмушга беришни эмас, балки уни саводли, асосийси, олий маълумотли, бир соҳанинг яхши мутахассиси қилиб тарбиялашни ўрганишимиз керак. Қиз бола балоғатга етган заҳоти эрга тегиши эмас, ўқиши, касб эгаси бўлиши керак.

Уларнинг хоҳиш-истакларини эшитишимиз, сўровларига жавоб беришимиз лозим. Қизингиз бировнинг қўлига қараб қолмаслиги учун унга алоҳида мулк, мерос, бойлик қолдиринг. Эсда тутингки, энг катта бойлик — яхши таълим. Бундай таълим олган фарзанд келажакда ўз ўрнини топиб кета олади. Чунки оқила, зукко ва мустақил аёлгина келажак учун ақлли ва озод фарзандларни тарбиялай олади. Бу — юртимиз келажаги учун муҳим масала.

Аёлимга аёл доктор қарасин деганлар қизини тиббиёт олийгоҳида ўқитсин, қизимни эри хафа қилмасин деб ният қилганлар унинг ўзини мустақил таъминлай оладиган соҳада таълим олишини таъминлаб берсин. Мана шу фарзандларимизга қолдирган энг катта меросимиз бўлади.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз аёллар!