2022-08-28 22:26:20
"Жамиятдаги жуда кўп аёлга қарши зўравонликларда, зўравонликдан чарчаган аёллар ўзига ўт қуйишида, болалари билан ўзини чўктиришга уринишида, ўзини осишида Мубашшир Аҳмад ва унга ўхшаганларнинг қўли бор! Улар нима қилаётганларини яхши билиб турибдилар".
Дилсора Фозилованинг бу гапини боягина ўқидим.
Саволлар гирдобида қолдим.
1. Аёл кишини ҳимоя қилиш йўли шундай бўладими?
2. Мен Мубашширга ўхшашни орзу қиладиган одамлардан бириман. Унинг халқ кўзини очиш, илму ҳикмат тарқатиш бобидаги ишларига ҳавас қиламан. Энди саволга ўтай: Аёл ҳуқуқини ҳимоя қилиш бизга ўхшаган одамларни тийиб қўйиш, оғзини юмиш билан бўладими?
3. Каримов даврида устимга тоғдек айблар қўйилди. Айбловларга Дилсора Фозилованинг гапларига ўхшаш фикрлар асос қилиб олинган. Қолгани тўқилган. Мен ўн минглаб бегуноҳларнинг бириман. Ўн минглаб оналар болаларидан, аёллар эрларидан, норасида гўдаклар оталаридан айрилди. Сарсон бўлди. Бир вақтлар дунёга етакчилик қила олган ўзбек миллати дунёнинг ҳамма жойида мардикорга, энг арзон ишчи кучига айланди.
Шу ишларга Дилсора Фозилованинг фикрига ўхшаш фикрлар асос, пойдевор бўлмадими?
4. Ислом аёлни улуғлаши ҳақида, Исломдаги она мавқеи ҳақида Мубашширнинг ўнлаб гапларини шу тармоқда ўз кўзим билан ўқиганман. Мубашширнинг аёл ҳақидаги қарашларини танқид қилиш учун унинг шу борадаги ҳамма гапларини ўқиб-ўрганиш лозим бўлмайдими? Қолаверса, улар касал, биз эса табибмиз, деган гап Ийсо алайҳиссаломнинг гапи-ку. Бу воқеа ўша пайғамбар билан содир бўлган-ку. Мубашшир келтирган гапда ўша тарихий воқеага бир ишора бор, холос.
Энди ўзимнинг фикримни айтай:
Аёл ҳуқуқини ҳимоя қилиш кимнидир ноҳақ бадном қилиш билан бўлмайди. Кимларнидир тийиб қўйиш, оғзини юмиш билан ҳам бўлмайди. Аксинча, мусулмон бўладими, бошқа дин вакили бўладими, динсиз бўладими, ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, аёл ҳуқуқига оид қонунларга амал қилиш билан бўлади. Улар халқаро қонунлар бўладими, давлат қонунлари бўладими, Ислом қонунлари бўладими, фарқи йўқ. Асосийси ўша қонунларга бўйсуниш ва амал қилиш.
Энди бу борадаги давлат қонунларини шу соҳа мутахассислари, халқаро қонунларни ўз билимдонлари, Ислом қонунларини эса мусулмон олимлар одамларга яхшилаб тушунтиришлари лозим.
Бу борада Мубашширнинг қилаётган ишлари жуда улкан. Ҳа, аёл ҳуқуқини ҳимоя қилиш бобида Мубашширга анча-мунча аёллар ҳуқуқбонлари ҳам ета олгани йўқ. (Ҳаволани шарҳга қўяман)
Уни кўриш учун кўзни бироз очишнинг ўзи кифоя.
Муқим Маҳмуд
2022-08-28
@nega_ozgardim
1.2K views19:26