Get Mystery Box with random crypto!

​​Бугун – Баҳорнинг биринчи куни. Бугун – аяжоним Олтиной Абду | Nodir Jonuzoq | she’r va shuur

​​Бугун – Баҳорнинг биринчи куни.
Бугун – аяжоним Олтиной Абдуҳаким қизининг таваллуд топган куни.
Фикримнинг шаклланишида дадамнинг қанчалик ўрни бўлса, туйғуларим тарбиясида аямнинг ҳиссаси шу қадар беқиёс.
Бахтимизга доимо соғ-омон бўлинг, аяжон!
Қолган изҳорлар бундан бир неча йиллар олдин ёзилган шеърий мактубда акс этган...



ХАТ

Ая,
Аяжоним,
Меҳрибон аям,
Айтинг, юрибсизми
Масрур, саломат?
Ўзингизни асранг,
Мен учун аянг:
Сиз борсиз – мени тарк айламас омад.

Меҳрингиз туяман ҳар бир қаричда,
Олисдан сезаман дуонгиз кучин.
Сиздан нур ташийди юз минг фаришта
Менинг йўлларимни ёритмоқ учун.

Ўйланманг,
Тетикман,
Ишим жойида –
Кўксимда орзулар ётибди чақнаб.
Зувалам пишганми ойнинг лойидан,
Гоҳида меҳрга қолсам-да чанқаб –

Оламга муҳаббат пуркагим келар,
Севгига ғарқ бўлсин дейман она ер.
Қалбимни парилар қўлма-қўл элар,
Тунлари ухлолмай ёзарканман шеър.

Тўғри, сиқиламан баъзан,
Нима наф,
Кимга керак, дейман, қуйма байтларим.
Шоирлик мен учун эди-ку шараф
Ёнингизда ўйнаб юрган пайтларим…

Сиздай силамади бошимни ҳаёт,
Қозонда қоврилдим, қайнадим, пишдим.
Ва бугун ўзимга қарасам, ҳайҳот,
Нигоҳим бегона одамга тушди!?

У менга ўзича беради танбеҳ,
Оғамдай турткилаб йўлига солар:
«Болангга ош бўлмас қофия, ташбеҳ,
Нима керак сенга қуруқ ғавғолар?!

Одамдай яшагин,
Яша шўх-хандон,
Ахир, йўқ эмас-ку сенда лаёқат.
Қадрингга етишмас куйсанг-да чандон,
Уй қур,
Машина ол,
Қилгин саёҳат…»

Унга жим боқаман,
Қилмасман таъна,
Уни тушунаман – ўзича ҳақдир.
Лекин нима қилай, аяжон, яна
Мени оловларга йўлласа тақдир?!

Нетай, яшолмасам хотиржам, сокин,
«Қўлингга қалам ол, – деса бир овоз, –
Ҳар бир сўзимизни ёзиб ол, ёки
Биз сендан бутунлай кечажакмиз воз!»

Ая, бу мен учун энг оғир кулфат,
Ая, менга бундан ортиқ ғам йўқдир.
У – менинг руҳимга азалий улфат,
У борки қорним ҳам, қалбим ҳам тўқдир.

Кўзимга кўринмас гоҳида дунё,
Унинг васли билан яшайман сармаст.
У келса – мўъжиза бўлади бунёд,
У келса – ҳар қандай оғриқ писандмас.

Биламан,
Сиз учун сўзларим чигал,
Беҳуда ўйинга ўхшайди балки.
Гўёки кирволиб ғилоф ичига,
«Коинот – шу», дея этяпман талқин.

Бироқ маслагим шу,
Тетикман, ая,
Қўлимдан тутгандай Хизрнинг ўзи.
Дамба-дам тўсиқлар, ғовлар чиқсаям,
Манзилга етамиз ёвлардан ўзиб.

Меҳрингиз туяман ҳар бир қаричда,
Олисдан сезаман дуонгиз кучин.
Сиздан нур ташийди юз минг фаришта
Менинг йўлларимни ёритмоқ учун.

Қалбимдай чечакка тўлганда қишлоқ,
Қонимдай гупирса лойқа ариқлар –
Мен кириб бораман тойчоқдай кишнаб,
Тўзғиб кетар барча алам, оғриқлар.

Унгача чиданг Сиз,
Чарчаманг, ая,
Масрур бўлинг доим,
Бўлинг саломат.
Ўзингизни асранг,
Мен учун аянг:
Сиз борсиз – мени тарк айламас омад…

2007

@n_jonuzoq