Get Mystery Box with random crypto!

#ҳадис #дуо #офият ⠀ Ибн Умар родияллоҳу анҳу Набий соллалло | Muzakkir kitaab

#ҳадис #дуо #офият

Ибн Умар родияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:
«Аллоҳдан сўралганда бериладиган нарсалар ичида У Зотга энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашдир».
Термизий ривояти

«Офият» сўзи саломатлик, эсон-омонлик, бардамлик, яхши кайфият каби маъноларни ифода қилади.

Кўриниб турибдики, офият ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан бири экан. Бу неъматнинг бандадан бошқа тарафга ўтиши унинг учун катта мусибат бўлиши турган гап.

Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Меҳсон ал-Ансорий родияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Кимнинг жасади офиятда бўлса, ўз гуруҳида тинч-омон бўлса ва ҳузурида егани қути бўлса, гўёки дунёни қўлга киритибди».

Офият Аллоҳ таолонинг бандани барча турдаги бало ва офатлардан сақлашидир. Бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам иймон турса, ундан кейинги иккинчи ўринда офият — тани сиҳатлик, хотиржамлик турар экан.

Аллоҳ таоло барчамизга бу дунё ва охират офиятини берсин! Амийн!

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан