Get Mystery Box with random crypto!

КУЛГИ ҲАҚИДА Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: 'Набий соллаллоҳ | MuslimShosh.uz

КУЛГИ ҲАҚИДА

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кулгини камайтир. Зотан, кўп кулги қалбни ўлдиради", дедилар".

#Шарҳ: Демак, беҳуда, ноўрин кулавериш инсоннинг қалбини ўлдирар экан, бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Бундай ноқулай ҳолатни бошқа халқлар ҳам маданиятсизлик ҳисоблайдилар. Зотан, ҳар бир нарса меъёрида бўлиши лозим.
Ислом меъёридаги кулгини ман қилган эмас. "Мишкотул масобийҳ" номли китобда келтирилган ривоятда Аблуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари қалбларидаги иймон тоғдан катта бўлса ҳам кулар эдилар", деганлар.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кулгини кўпайтирманглар, чунки кўп кулги қалбни ўлдиради", дедилар".

#Шарҳ: Бу ҳадис аввалги ҳадиснинг сал бошқачароқ шаклидир.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобаларининг олдига чиқдилар. Улар кулишиб, гаплашиб ўтиришарди. Шунда у зот:
"Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар мен билган нарсани билганингизда, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз", дедилар-да, қайтиб кетдилар. У қавмни йиғлатдилар.
Шунда Аллоҳ азза ва жалла ваҳий юбориб:
"Эй Муҳаммад! Нега бандаларимни ноумид қиласан?" деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб келиб:
"Хушнуд бўлинглар! Тўғри бўлинглар, (ҳеч бўлмаса шунга) яқин бўлинглар" дедилар".

#Шарҳ: Ушбу ҳадисдан ўрганишимиз керак бўлган жиҳат шуки, одамларни ноумид қилиш, ҳадеб қўрқитавериш, салга "дўзахга тушасан, фалон бўласан", деявериш тўғри эмас экан.
Балки одамларга хушхабар бериб, енгиллик билан, уларни жаннатга, савобга қизиқтириб тарғиб қилиш керак экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат қўрқитишга, ноумид қилишга оид гаплар билан кифояланганлари учун Аллоҳ таоло у зотни қайтиб бориб, саҳобаларга башорат берувчи гапларни ҳам айтишга амр қилди.

"Одоблар хазинаси" китобидан.
┉┅━❀ ❀━┅┉

Янги манзилимиз
Улашинг | https://t.me/MuslimShosh