Get Mystery Box with random crypto!

Ҳай, уни-буни қўйинглар – бугун бирорта яхши хабар, яхши воқеа | Муҳрим

Ҳай, уни-буни қўйинглар – бугун бирорта яхши хабар, яхши воқеа эшитдингларми? Ман унда-бунда бир ишдан чалғисам, Тошкентда “котта болла”нинг мошинаси электробусни урган, кейин Қашқадарёда сўз эркинлиги тугаган, блогерлар блогерликни тугатган, кетидан Тошкентда Телеграм-блогерлар парк ҳимояси учун норозилик намойиши ўтказган, бутун Ўзбекистонга машҳур Сағбон подстанциясида яна авария, Бўка ОВДида мелисалар гумонланувчини уриб ўлдириб қўйган ва ҳоказо, ва ҳоказо. Тавба, ҳаммаёқ негатив – бу хабарларни кўриб, бу мамлакатда яқинда сайлов бўлади, деб ўйламайди одам. Тарихда биринчи марта Қатар амири келгани ҳақидаги хабарни кўриб ҳам кайфият кўтарилмади очиғи – тўлиқ хурсандчиликни қанақадир ғалати кутиб олиш маросими бузди: нима, протокол хизматига Туркманистон ҳукуматидан кимдир ишга олинганми, қаердан, қачондан пайдо бўлди бундай томоша, ғалати эмасми сал-пал? (балки ҳали тўлиқ қурбонгулистонлашув юз бермаганига ғалати кўринаётгандир – ўтиб кетар, кўзларим ўрганиб кетар).

Шундай қилиб, ўша савол – бугун бирорта яхши хабар, яхши воқеа эшитдингларми? Балки ўзингиз шундай яхши воқеа қатнашчиси бўлгандирсиз? Бўлиши мумкин-ку – бирор ёш болага ё кекса одамга ёрдам бергандирсиз, уларни “котта болла”нинг мошиналари ғиз-ғиз ўтиб турадиган катта йўлдан ўтказиб қўйгандирсиз, кимгадир шунчаки, беғараз яхши гапириб, унинг кайфиятини кўтаргандирсиз, балки сизга бирор яхшилик қилишгандир, ўзи кичкина нарса бўлгандиру, лекин сизнинг кайфиятингиз осмон қадар кўтарилгандир? Кайфиятимизни кўтариш ўз қўлимизда – кайфиятимизни ўзимиз кўтармасак, четдан биров келиб кўтариб қўймайди.