Get Mystery Box with random crypto!

2022 йил декабридаги “маъмурий ислоҳот”дан кейин яп-янги супер | Муҳрим

2022 йил декабридаги “маъмурий ислоҳот”дан кейин яп-янги супер-вазирликлар орасида Табиат ресурслари вазирлиги номида “ва” боғловчиси йўқ икки истиснодан бири эди. Мана, биттаси йўқ қилинди – оддийгина Табиат ёки Экология вазирлиги деб номланиши мумкин бўлган бўлган бу идора (аслида гапни “шундай идора керакми ўзи?” деган гапдан бошлаш керакдир, балки) энди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб аталаркан. Бечоралар “қўмиталик олами”дан тўлиқ чиқиб кетиб улгурмаганди ҳали.

Ўзи бу ишларнинг – янги латифа, мем ва трендлар дунёга келишига сабабчи бўлишдан ташқари (не бахтки, ҳали бу ишлар тақиқлангани йўқ, бу ишлар жиноят эмас) – бирор мантиғи борми? Ë бундан кўзланган мақсад лайлаганлик эски Алишер бўва айтганидекми? Чунки, ДТМ раҳбарлари довдираганча аённи баён қилганидек, номдан бошқа ҳеч нарса ўзгармаяпти-ку (дтмчиларнинг жавоби ҳам ўша лайлаганлик бобоникидек – универсал).

Қанчалик рост ё ёлғон, билмадиму, июлдаги муҳим сиёсий тадбирда ҳар доимгидек юксак сиёсий маданият кўрсатилгач, халқ артисти Озодбек Назарбеков “туризм балоси”дан халос қилинармиш – яъни, эмишки, Маданият ва туризм вазирлигини ислоҳ қилиш шарпаси бутун Ўзбекистонни кезиб юрибди. Буёқда ҳали номида “ва” боғловчиси йўқ яна бир эски-янги вазирлик бор – унда ҳам бирор ўзгариш бўлиб қолар.

Бу вазирликларга, у ерда ишлаётган кишиларга бирор эътироз йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас: Роберт Мугабе Зимбабвени 30 йил бошқариб, бирор натижа кўрсатмаган, бу бечора идора ва ташкилотлар эса олти ойда, қуйидаги суратда кўриб турганингиздек, ҳали ўз номига ҳам ўрганиб улгургани йўқ – қандай ҳам эътироз бўлсин?! Умуман, ҳеч кимга эътироз йўқ.

Энди, вақт қурғур команденте тавсия қилганидан ҳам бемалолроқ бўлса, “буюк шахмат тахтаси” устида оламшумул ўзгаришларга сабаб юришлар ҳақида бош қотираётганлар шу ишларни шошилмай, ҳар ярим йилда ўзгаравермайдиган қилиб, одамларни ҳам, халқ артистларини ҳам қийнамай, келишиб, кенгашиб, бир каттадан, бир кичикдан фикр олиб амалга оширса ҳам бўлади-ку, деган бир куйиниш бор-да.

Бор-йўғи шу. ИМҲО, албатта.