Get Mystery Box with random crypto!

Макс Пенсон деган ўзбекистонлик буюк бир фотограф ўтган. Буюкл | Муҳрим

Макс Пенсон деган ўзбекистонлик буюк бир фотограф ўтган. Буюклиги шундаки, агар у бўлмаса, унинг ўткир фотонигоҳи бўлмаса, биз 1920-1940 йиллардаги Ўзбекистон манзараларини бугун аниқ-тиниқ тасаввур қилолмаган бўлардик. Тармоқда Ўзбекистоннинг шу йилларга доир Пенсонники бўлмаган сифатли ҳам пурмаъно суратлари кам, эҳтимол йўқ ҳисоби.

Нега бугун уни эслаяпман? Кеча бир хотира ўқиб қолдим. Унда Мисрнинг мағлубияти билан тугаган 1967 йилги Олти кунлик урушдан сўнг арабларнинг Совет Иттифоқига муносабати кескин ёмонлашгани, вазиятни ўнглаш учун Мисрга совет делегацияси юборилгани, унда муфтий Зиёвуддин Бобохон ҳам бўлгани, мисрликларни овунтиришга унчалик ҳеч ким ҳаракат қилмагани айтилганди.

Муфтий Зиёвуддинхон ундан аввалги муфтий Эшон Бобохоннинг ўғли. Эшон Бобохон Сталин билан учрашиб, 1943 йили муфтиятни ташкил қилган, масжидларни қайта очишга рухсат олишга, 1945 йили эса бу масжидларга имомлар тайёрлаш учун Бухородаги Мир Араб мадрасаси фаолиятини қайта тиклатишга муваффақ бўлган. Ўша йили СССР фуқароларининг биринчи Ҳаж сафарига ҳам бошчилик қилган.

Бу ишларгача эса у қувғинда бўлган. Унинг Тошкентга қайтиши катта воқеага айланган. Макс Пенсоннинг архивида айнан шу воқеага бағишланган сурат бўлиб, номи ҳам “Эшон Бобохоннинг Тошкентга қайтиши” эди. Кеча Зиёвуддин Бобохон ҳақида ўқигач, ўша суратни кўргим келиб, Макс Пенсоннинг сайти – maxpenson.com’га кираман десам, сайт йўқ. Шундай ажойиб манба ишламай қолибди (“Интернет архиви” орқали кўрай десам, у Ўзбекистонда блокланган, ВПНсиз киролмайсан).

Ишламай қолганига нима сабаб бўлганини билмайман. Билишимча, бу сайт Пенсон ижодига бефарқ бўлмаган кишиларнинг шахсий ташаббуси эди. Менимча, давлат ёрдам қўлини чўзадиган вақт келган, шекилли. Эҳтимол, Пенсоннинг юзлаб фотолари аллақачон Getty Images’да ҳам борлиги учун алоҳида сайтни ушлаб туришга зарурат йўқ, деб ҳисоблашгандир (Getty’да, масалан, Эшон Бобохоннинг қайтишини кўрмадим).

Бу ресурс қайта тикланса ва фаолиятини ҳеч қачон тўхтатмаса яхши эди. Ундаги суратлар ва изоҳлари Ўзбекистоннинг XX аср биринчи ярмидаги тарихига доир ўта қимматли ва қизиқарли манба, тайёр электрон музей. Давлатни ҳам, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бефарқ бўлмаган бошқа барча саховатпешаларни ҳам Макс Пенсон сайтини қайта тиклашда ёрдам кўрсатишга чақирган бўлардим.