Get Mystery Box with random crypto!

Саруханян яхши ёзибди: “[Ҳокимият манфаатларини ҳимоя қилишни | Муҳрим

Саруханян яхши ёзибди: “[Ҳокимият манфаатларини ҳимоя қилишни ўз олдига устувор вазифа қилиб қўйган давлат бошқаруви тизимида] қонун устуворлиги эришишдан манфаатдорлик йўқ, чунки ишлайдиган қонун – аёвсиз нарса ва ҳокимиятни унинг ўзига ёқмайдиган ишларни бажаришга мажбур қилиши мумкин”.

Қонун устуворлиги дегани, масалан, жазонинг ҳамма учун тенг ва муқаррарлиги ҳамдир. Буни йўл ҳаракати қатнашчилари мисолида ҳам тушунтириш мумкин.

Автомактабда аъло баҳоларга ўқиган, “права”ни пулга эмас, билими эвазига қўлга киритган одамлар орасида ҳам камера ёки ЙПХ ходими йўқ жойда қизилга ўтадиган, пиёдалар ўтиш жойида пиёдага йўл бермайдиган, тезлик чекланган жойда катта тезликда ҳайдайдиган ва бошқа қоидабузарликларни содир этадиганлар бор. Хавфсизлик камари ҳақида гапирмасам ҳам бўлади.

Юқорида саналган қоидаларни бузмаслик учун, очиғи, автомактабда ўқиш ҳам шарт эмас – бу қоидаларни бузмаслик кераклигини кеча Ойдан тушганлар билмаслиги мумкин, холос. Рулга ўтирган одам борки, бу қоидалардан автомактабга боргунича ҳам хабардор бўлади. Лекин автомактабни аълога битириб, имтиҳонда энг юқори баллни олиб ҳам шу қоидаларни бузаверади.

Чунки бу қоидаларни бузмасликка рағбат йўқ – жазо муқаррар эмас. Жазо муқаррарлиги таъминлана бошласа борми, йўлларимизда ҳамма нарса ўз-ўзидан изига туша бошлайди. Мен хаёлий нарса ҳақида гапираётганим йўқ, 2016 йилда – пойтахт чорраҳаларида биринчи марта камералар ишлай бошлаганида кўрганимни айтяпман. Ҳамма эслайди – ўшанда камерали чорраҳалар бирдан тартибга тушиб, пиёдалар ҳам яйраб қолганди.

Педофил ёки кўнгилхушлик учун “детдом” қизларини буюртма қиладиган ифлос амалдорлар билан боғлиқ вазиятларда ҳам биринчи чора шу – жазо муқаррарлиги. Ҳатто жазонинг оғирлиги (масалан, кастрация) ҳам эмас, айнан муқаррарлиги. Жазодан қочиб қутула олмаслик ҳисси одамни анча-мунча номаъқулчиликлардан тўхтатиб олишга қодир. Бунинг учун эса қонун устувор бўлиши керак.

Давлат қонунни бузиш ёки уни ўзига мослаштири(б талқин қили)шда эмас, балки қонуннинг ҳар бир ҳарфига қатъий риоя қилишда жамиятга ибрат бўлиши керак. Қонуннинг ҳар бир ҳарфига қатъий риоя этиш эса, Саруханян ёзганидек, давлатни, хусусан, эркин сайловлар ўтказишга ҳам мажбур қилади. Эркин сайловлар эса, идеалда, халқ олдида ҳисобдор парламент ва ҳукумат дегани. Уёғи - домино принципи.

Ҳа, айтишга осон. Бошқа ҳамма ишлар каби.