Get Mystery Box with random crypto!

Хоразмдаги воқеа бўйича бугун Олий суд, Адлия вазирлиги, Фавқу | Муҳрим

Хоразмдаги воқеа бўйича бугун Олий суд, Адлия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Болалар омбудсмани, хуллас, шанба куни кимда иш куни бўлса, ҳамма муносабат билдиряпти.

Мени назаримда бу ишда бир қизиқ жиҳат бор. Хабарларда ёзиляпти-ку, нафақат вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ёки фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, балки бошқалар ҳам бўлган, деб. Ва улар бу иш билан мунтазам (ойлаб, эҳтимол, йиллаб) шуғулланишган.

Улар жабрланувчи қизлар бу ишлар бўйича қаергадир шикоят қилиб бормаслигига ишончи комил бўлган. Шунинг учун ҳам қўрқмай ойлаб, эҳтимол, йиллаб шу иш билан шуғулланишган. Нафақат улар, катта эҳтимол билан, бошқалар ҳам.

Бу ҳали бор-йўғи адлия бошқармаси, ФВБ – тайинли қудрати йўқ ташкилот вакилларининг қилмиши. Уларки шунчаликка борган бўлса, қудратлилари ҳақида ўйлашга ҳам қўрқасан. Бу қандайдир тизимли жараён, анъанами, одатдаги ишдек бўлиб қолган нарса, назаримда.

Хуллас, ҳеч ким ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, жабрланувчилари ҳеч қаерга шикоят қилмайдиган ёпиқ тизимда бирдан “сбой” бўляпти-да, икки “мижоз” жазоланяпти. Лекин жамоатчиликка берилаётган хабарларда бир муҳим саволга жавоб йўқ: бу икки “мижоз”ни ким судга берган?

Хизмат уйида “детдом” қизлари билан ойлаб хоҳлаган ишини қилиб келган амалдорни ким бирдан фош қилгану, бу иш қандай қилиб судгача етиб борган? Менимча, шу саволнинг жавоби очиқ ва тўлиқ айтилиши керак. Берилажак жавобдан кейин яна саволлар туғилиши мумкин.

Ҳозир кўпчилик адлия бошқармаси ва ФВБ бошлиқларига енгил жазо тайинланганидан норози бўляпти, бу жазоларни адолатсиз дея атаяпти. Юқоридаги саволга жавоб берилса, жазолар нега бундай ғалати ҳам адолатсиз экани ҳам ойдинлашар эҳтимол.