Get Mystery Box with random crypto!

Дунёда яхши янгиликлар ҳам бор: Тошкентга ўта катта сиғимли (“ | Муҳрим

Дунёда яхши янгиликлар ҳам бор: Тошкентга ўта катта сиғимли (“гармошка”) автобуслар келишни бошлабди. Тошкент учун бундай катта автобуслар охирги марта 1995 йилда атиги бир дона сотиб олинган (бунгача, совет даврида “Икарус”нинг “гармошка”лари кўп бўлган шаҳарда) ва 2013 йилга қадар афсонавий 72-йўналишда ишлаган. Шундан бери (ундан аввалроқ, 2010 йилда троллейбус қатновлари ҳам тугатилгани ҳисобга олинса – троллейбуслар орасида ҳам шундай “гармошка”лар бўларди) шаҳарда бундай транспорт воситалари йўқ эди. Шундан бери (аслида ундан аввалроқ бошланган) Тошкент жамоат транспорти деградацияни бошдан кечираётганди – шаҳар кўчалари автобусга пародия ҳисобланган “каттароқ Дамас” - “Отайўлу” “Исузу”ларга тўлдирилаётганди.

Хитой компаниялари нафақат Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг бизга ўхшаш камбағал мамлакатларига, балки Европанинг ривожланган мамлакатларига ҳам шаҳар автобусларини етказиб бераётганига ўн йиллар бўлди. Ўн йиллар аввал – Тошкент учун катта сиғимли автобуслар сотиб олиш тўхтатилиб, охирги сотиб олинган автобуслар ойма-ой ёнишни бошлаган вақтларда ҳам фаол жамоатчилик энди аввалгидек “Мерседес” бўлмаса-да, ҳеч бўлмаса Хитойдан арзонроқ автобуслар сотиб олиш кераклиги ҳақида гапирган. Яъни, ҳар доим ҳар нарсанинг арзон муқобили бор – қимматбаҳо метро ўрнига нисбатан арзонроқ ва осонроқ трамвай, қимматбаҳо “Мерседес” ва “МАН”лар ўрнига нисбатан арзонроқ Хитой автобуслари ва ҳоказо.

Тошкент учун ва ниҳоят янги ва катта сиғимли, ҳатто ўта катта сиғимли автобуслар сотиб олина бошлаганидан чин кўнгилдан хурсандман. Мени янада хурсанд қилаётган яна бир нарса – янги автобуслар кўзимиз ўрганган оқ-яшил қия йўл-йўл “ливрея”да олиб келинаётгани. Мана шунисига ҳаммасидан ҳам кўпроқ хурсандман. Шаҳар жамоат транспорти, аҳолига хизмат кўрсатувчи бошқа хизматларининг алоҳида бир ранги, дарров ажратиб олиш мумкин бўлган белгиси бўлиши керак. Тошкент жамоат транспортини ажратиб кўрсатувчи нарса эса айнан шу оқ-яшил ранглар эди: мустақиллик даврида “Татра” трамвайлари ҳам, аксарият “Шкода” троллейбуслари ҳам, “Мерседес” автобуслари ҳам айнан шундай “ливрея”да бўлган ва охири рамзга айланган.

Шаҳар кўчаларида илк оқ-яшил “Исузу”лар пайдо бўлганида бу одамларга “проездной” ўтадиган “Отайўл”лар пайдо бўлгани ҳақидаги биринчи хабар эди: йўловчилар ҳали автобусга чиқмай туриб, “проездной ўтадиган Отайўл ҳам чиқибди-да, проездной ўтадими ростан”, деб чиққанларини ўзим кўрганман. Бу ҳар қандай рекламадан яхшироқ, ҳар қандай тарғиботдан кучли рамз. Мана шу рамз сақлаб қолинганидан ва у яна давом этишидан жуда хурсандман. Орада бир “Ҳюндай” автобуслар олиб келинди, “Алихан”лар қатнади, Беларусь ва Россиядан ҳам автобуслар олиб келиб синашди – шуларнинг ранги бошқача экани ғашимни келтирарди, улар Тошкентга бегонадек кўринарди. Мана, энди яна “тошкентлик” автобуслар келяпти. Ажойиб!

Ҳадеб мақтаб юборсам ҳам бўлмайди-ку, ўзимга ўхшамай қоламан, тўғрими? Ҳозир фақат газда юрадиган автобуслар оқ-яшил “ливрея”да олиб келиняпти, лекин электробуслар – қора. Электробуслар қандайдир ажралиб туриши кераклигини тушунаман (негадир бутун дунёда шунақа шекилли, бошқа катта шаҳарларда ҳам электробуслар қандайдир алоҳида ажратилган бўлади), лекин, манимча, шуни ҳам “тошкентчалаштириш” мумкин. Мутахассисига айтса, ечим топиб берарди, деб ўйлайман. Имкони бўлса, бир ўйлаб кўриш керак шу нарсани ҳам.

Дарвоқе, мана шундай рамзлар бошқа шаҳарларда ҳам бўлиши керак, менимча. Дейлик, Самарқанд жамоат транспортининг ўзининг ранги, Бухоро жамоат транспортининг ўзининг ажралиб турувчи белгиси бўлиши керак. Ëки бутун Ўзбекистон шаҳарларидаги жамоат транспортининг алоҳида фарқли белгиси бўлиши керак – сан қайси шаҳарга борсанг, у ерда қайси автобус шаҳарникию, қайсиниси шаҳарники эмас (дейлик, хусусий ёки шаҳар атрофида қатнайдиган йўналиш) – осон ажратиб олишинг мумкин бўлсин. Таклиф-да.

PS. Мен тарихий суратларни титкилиб, эски вақтларда Тошкент ташқари фақат Навоийда гармошка-автобуслар қатнаганини кўрдим. Сиз Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида шундай автобуслар жамоат транспортида мунтазам қатнаганини кўрганмисиз?