Get Mystery Box with random crypto!

Кичкиналигимда телевизордаги нотиқлар Орол фожиаси ҳақида гапи | Муҳрим

Кичкиналигимда телевизордаги нотиқлар Орол фожиаси ҳақида гапираркан, у ҳатто Антарктида музликларига, оқ айиқларнинг ҳаётига ва яна биздан узоқ бир дунё нарсаларга салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида ҳаяжонга берилиб ҳикоя қиларди.

Ўрни келса, ҳали ҳам шунақа қилишади. Мана, Танзила Норбоеванинг 2021 йилда “Халқ сўзи”да чиққан мақоласидан: “Бугун [Орол денгизининг қуриган туби]дан кўтарилаётган қум ва туз бўронлари бир неча минг километр масофагача етиб боряпти. Ҳатто, унинг заҳарли тузлари Антарктида соҳиллари, Гренландия музликлари, Норвегия ўрмонлари ва Ер сайёрасининг бошқа кўплаб нуқталарида ҳам топилмоқда” (умуман, интернетда бу сўзларнинг муаллифи кўп).

Буларни эслаб қолишимга сабаб – Оролнинг қум ва тузлари Антарктидада ҳам, Гренландияда ҳам топиларкан-да, лекин Тошкентдан 60-70 километр нарида АГМК портлатаётган конларнинг чанги Тошкентга етиб келмас экан. Нақадар ҳайратланарли, шундай эмасми – Ўзбекистоннинг бир жойида шамол дунёнинг тўрт тарафига қараб эсади, алоҳида бир жойида эса Тошкентдан бошқа ҳамма жойга қараб эсади.

Тўғонлари кемирувчилар сабаб ёрилиб кетадиган, пойтахтини қоплаб оладиган чанг бўронлари қўшни мамлакатлардан “импорт” қилинадиган ва изоҳи мантиқдан бўлак ҳамма нарса билан келиша оладиган бошқа кўплаб аномалиялари мавжуд мамлакатда шундай бўлиши мантиқдан асли. Машойихлар айтганидек, Ўзбекистон тенгдир Ўзбекистонга.

PS. Гренландия музликларига, Норвегия ўрмонларига одамнинг ҳаваси келади – улар ҳақида ҳатто Ўзбекистон Сенати аъзолари ҳам қайғуради. Расман АГМК конларининг зарралари бўлмаган чангли ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олганича.