Get Mystery Box with random crypto!

Кеча Россия Украинага бостириб кириб, террористик давлатга айл | Муҳрим

Кеча Россия Украинага бостириб кириб, террористик давлатга айланганига бир йил тўлди. Афсуски, уруш ҳали ҳам давом этяпти – Путин ҳали ҳам қудратда, унинг армияси ҳали ҳам ҳужум қилиш, қийнаш, йўқ қилиш, ўлдириш кучига эга. Бундай мантиқсизликнинг бир йилгача чўзилганининг ўзи даҳшат, бу даҳшат ҳали ҳам давом этяпти.

Ундан ҳам даҳшати, фожиалиси – босқинчининг тарафдори эканини уялмай, оғринмай айтадиган одамлар борлиги. Улар Путиннинг маърузасини ҳам, Байденнинг гапларини ҳам, Зеленскийнинг чиқишларини ҳам кўрмаган (қаерда ҳам кўрарди?), фақат “эскитдан союз бўлганимиз” учун Россия тарафдори. Нима бўлаётганини англаб ҳам етмаган гумроҳлар.

Кеча бу уруш мавзусида эътиборга молик материаллар эълон қилинди. Масалан, “Дарё” ва “Рост24” “кимнинг тарафдорисиз?” деган оғриқли савол билан одамлар орасига кирди (қийнайдиган жавоблар бор). Бу урушга муносабат масаласида жамиятимизнинг аҳволи нега бундай экани “Кун.уз”нинг давра суҳбатида муҳокама қилинган, Камолиддин Раббимовнинг алоҳида колонкасида ҳам бу мавзуга тўхталиб ўтилган.

“Газета.ўз”да Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси билан интервью эълон қилинди. Унда ҳам оғир нуқталар бор: “Ўзбекистон Украинага ёрдам берди, жуда миннатдормиз, лекин апрелдан бери Ўзбекистондан гуманитар ёрдам олганимиз йўқ, тинмай сўраяпмиз” ёки “умид қиламанки, БМТда Ўзбекистон ҳам Украинанинг тинчлик ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Ёки, ҳеч бўлмаса, уларга қарши чиқмайди” ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Уруш бошланган куни “Газета.ўз”га интервью берган Украинадаги ватандошлар ва украиналиклар бир йиллик муносабати билан яна гаплашилган. “Киевда аҳвол қандай?”, деган саволга деярли барча суҳбатдошлар: “Энергетикага бомбардимон қилинаётганига қарамай, уйлар қишда совиб кетмади, электр таъминотида жиддий узилишлар йўқ”, дегани қизиқ. Урушгача Украинада ўз уйи, кичик бўлса-да бизнеси бўлган бир ўзбек оиласи эса энди Берлинда яшаб, ўзбек ресторани очгани – алоҳида (охири яхши) ҳикоя.

Уруш тезроқ золимлар мағлубияти билан тугасин! Яшасин Украина, қаҳрамонларга шон-шараф!

#тавсия