Get Mystery Box with random crypto!

Бир ҳамюртимиз (аслида у кабилар юзлаб) Тошкентнинг “инновацио | Муҳрим

Бир ҳамюртимиз (аслида у кабилар юзлаб) Тошкентнинг “инновацион райони” бўлмиш Мирзо Улуғбекда “қонунчиликдаги бўшлиқ”дан фойдаланган ҳолда хусусий ҳовли (участка) деб расмийлаштирилган “новостройка”дан “квартира” олган. “Квартира” деворлари анча аввал ёрилиб кетган бўлса керак, эҳтимол, фуқаро бу аҳволда биринчи йил яшамаётган бўлса керак. У шу вақтгача ҳам нафақат ижтимоий тармоқларга, балки туман ҳокимлиги ва вазирликларга ҳам мурожаатлар қилгандир. Лекин бу масала бир муддат кун мавзусига айланиши учун узоқ Туркияда зилзила бўлиб, у ердаги юзлаб сифатсиз бинолар қулашини ва бунинг оқибатида минглаб одамлар ўлишини кўриш керак бўлди.

Энди нима бўляпти? Қурилиш вазирлиги ва Мирзо Улуғбек ҳокимлиги ўзини бу муаммодан худди энди хабар топгандек тутиб (лекин ҳокимнинг фуқаро билан мулоқотини тингласанг, ҳоким ҳаммасидан аллақачон хабардорлигини тушунасан), “жойига чиқиб”, “аҳоли билан гаплашиб”, бу иморатлар 2017 йили Зокиров фамилияли одам томонидан “ўзи ва оила аъзоларининг яшаши учун якка тартибдаги уй-жой сифатида қурилгани ва фуқароларга алоҳида квартира сифатида ўзбошимчалик билан реконструкция қилинган ҳолда сотилгани”, ўша Зокиров “ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда фуқароларнинг ишончига кириб, якка тартибда фойдаланиш мақсадида қурилган турар жой биносини кўп квартирали уй-жой сифатида алдов йўли билан фуқароларга сотгани учун” 2022 йили 8 йилга қамалгани, акаси эса қидирувда экани ҳақида маълумот беряпти (айтмоқчи, вазирлик ва ҳокимлик келишиб олса яхши эди – вазирлик Б.Зокиров деб ёзяпти қамалган “қурувчи”ни, ҳокимлик эса А.Б. Зокиров деяпти, қочиб кетган акасини эса Р.Зокиров деяпти; ҳокимлик келтираётган инициаллар ҳақиқатга яқинроқ, адашмасам).

Бу масалада ҳамма масъуллар ҳамма нарсани билади – ахир бу муаммо 2019 йили Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг “арзон уйлар инвестори” Муҳаммадбобур Хўжаев билан бўлган машҳур мунозараси вақти илк бор бўй-бастини кўрсатганди. Ўшанда ҳозир “бири қамалган” деб айтилаётган Зокировларга алоқадор бир Зокиров ҳокимнинг олдида ўтириб, “хоҳласам 720 та квартира сотаман, бунга ҳаққим бор” қабилида фикр билдирганди (ўша вақтда шаҳар милицияси Зокировлар 833 квартирали 19 та шундай “дом” қурганини аниқлаганди). Бу масала шу қадар эскики, 2019 йили ҳокимият Зокировлар қурган “талабга жавоб бермайдиган” “дом”лар бузилиб, улар ўрнида 12 қаватли уй қурилиши, “куйиб қолган фуқаролар” ўша янги уйга кўчиб ўтишини айтганди (талабга жавоб бермайдиган уйлар бузилганми, 12 қаватли уйлар қурилганми, билмадим). Масъуллар ҳамма нарсани билгани, миллиард-миллиард сўмлик бу муаммо эрта-индин триллион-триллион сўмлик муаммога айланиб кетишини сезгани учун ҳам 2021 йили Шаҳарсозлик кодексидаги “ҳовли ўрнида дом” қуришга имкон берувчи “қонунчиликдаги бўшлиқ” қисман ёпилган – Қурилиш вазирлиги ҳозир шуни байроқ қиляпти.

Буёғига нима бўлади? Катта эҳтимол билан – ҳеч нима. Эрта-индин бу мавзу унутилади, “ҳовли ўрнидаги дом”да яшаётганлар эса ўтган беш йил қандай яшаган бўлса, бундан кейин ҳам шундай яшайверади. Бу “новостройка”лар билан боғлиқ бирор йирик фалокат (ва, афсуски, ҳалокат ҳам) бўлса ва бунинг хабари мамлакатдаги исталган муаммони шахсий аралашуви билан ҳал қила оладиган одамга етиб борсагина, ўзгариш бўлиши мумкин: “жанр қоидалари” бўйича нафақат барча айбдорлар, балки муаммони тўлиқ ҳал қилишга етадиган пул ҳам дарров топилади, бу “дом”ларнинг бари бир кунда бузилиб, ўрнига “совуқ тушгунча” 12 қаватли янгилари қурилади. Ҳамма бахтли, ҳамма шод. Фақат бирор фалокатдан кейин. Афсуски.

“Қаердан бунчалик ишонч?”, дейсизми? Шу вақтгача жамоатчилик бу “жанр қоидалари”га ўзгартириш ва ёки тузатишлар киритадиган бирор жиддий воқеликни кўрмади. Бу “жанр қоидалари” ҳар бир катта ва кичик кризисдан сўнг ўзининг ҳаётийлигини такрор ва такрор исботлаб, фақат ва фақат мустаҳкамланмоқда.