Get Mystery Box with random crypto!

Нега дўхтирларнинг ойлиги кам? Шу саволга анча аввал, Каримо | Муҳрим

Нега дўхтирларнинг ойлиги кам?

Шу саволга анча аввал, Каримов замонида ҳақиқатга яқин афсона эшитгандим. “Дўхтирларнинг ойлигини ошириши керак бўлганлар дўхтирлар уларнинг олдига келган беморлардан ойлик маоши қанча катта бўлишидан қатъи назар барибир пул олишини, меҳрибон халқимиз дўхтирларга кўнглидан чиқариб, рози бўлиб барибир пул қистириб кетишини билгани, шундай ўйлагани учун ҳам дўхтирларнинг ойлигини оширмайди”, дейишганди у ёки бу нарса нега айнан шундайлигини ҳаммадан яхшироқ биладиган (ҳар ҳолда, ўзини шундай деб ҳисоблайдиган) кўпни кўрган катталар.

Амалдаги соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг “5,5 млн сўм ойлик олаётган раҳбар шифокорларимизга, агар улар беморларга меҳр билан қараса, одамлар барибир кўнглидан чиқариб, рози бўлиб, баракасини бериб кетиши” ҳақидаги гаплари додам замонида эшитганим “дўхтирларнинг ойлигини ошириши керак бўлганлар шундай ўйлайди” деган гапларнинг ҳақиқатга яқинлигини исботлади. Фақат Амрилло Иноятовнинг ўзи шундай фикрда экан, деб ўйламаслик керак, менимча: 2019 йил ноябрда ўша вақтда соғлиқни сақлаш замминистри бўлган Абдуҳаким Ҳожибоев ҳам “дўхтирларнинг маошини оширишга ҳожат йўқ”, деганди (бир йил ўтиб вазир этиб тайинланган).

Хўп, дўхтирларнинг ойлиги нега камлиги тушунарли бўлди. Иккинчи (ёки биринчи) энг заиф қатлам – ўқитувчиларнинг ойлиги нега кам (эди)? Кўпни кўрган катталарнинг бу ҳақдаги изоҳидан бехабарман, афтидан, уларнинг фақат шифокорларга доир гапларини эшитганман-ов. Лекин, бундай қараганда, энди мен ҳам катта бўлиб қолдим, бирор изоҳ берсам бўлар: уларнинг ойлигини ошириши керак бўлганлар, эҳтимол, “ўқитувчиларнинг ойлигини қанчалик оширмайлик, улар барибир репетитор бўлиб қўшимча иш қилаверади”, деб ўйлаган бўлса керак. Авваллари, демоқчиман-да. Ҳозир ўқитувчиларнинг маоши унча-мунча яхши бўлиб қолган, шекилли, а?