Get Mystery Box with random crypto!

Сўнгги кунларда йўлда мусиқа ё радио эшитиш ўрнига яна “Арзама | Муҳрим

Сўнгги кунларда йўлда мусиқа ё радио эшитиш ўрнига яна “Арзамас” лекцияларини эшитишни бошладим (“Яндекс.Мусиқа”даги бепулларини, ҳозирча). Мазза-ей! Албатта, бу билимлар ҳаётда қачондир керак бўладими-йўқми, билмадиму, у ердаги бир-биридан қизиқ маърузаларни эшитиш барибир мазза (қани энди шунинг бир ўзбекчаси бўлса).

Масалан, Япониядаги тоталитаризм даврида давлат оиланинг ички ишларига қандай аралашгани ҳақида қисқа-лўнда лекция. Маърузачининг айтишича, Япония аҳолиси 1721 йилдаёқ салкам 30 миллион бўлган экан (даҳшат!), Иккинчи Жаҳон уруши арафасида ҳукумат кўп болали бўлишни рағбатлантиришни бошлаган, кўп болали оила сифатида имтиёз олиш учун эса оилада 10 ва унда ортиқ бола бўлиши керак (даҳшат!), уруш тугагач, Японияга унинг собиқ мустамлакаларидан 7 миллионга яқин одам (асосан эркаклар) қайтган ва мамлакатда бэби-бум бошланган, ҳукумат эса буни тўхтатиш учун Хитойдагидек “бир оилага бир бола” деганга ўхшаш мажбурлов чоралари ўрнига абортга рухсат берган ва тарғибот-ташвиқотни кучайтирган – оқибатда 1947 йили япониялик бир онага 4,5 та болага тўғри келган бўлса, 1957 йилга келиб бу кўрсаткич 2 та болага тушган (даҳшат!). Бу ҳодиса “демографик аксилинқилоб” дейиларкан.

Германиянинг бирлашуви ҳақидаги лекция ҳам қизиқ – деворнинг қулаши 1989 йили 9 ноябрь ГДРнинг юқори мартабали амалдори жонли эфирда бутун мамлакатга кўрсатилаётган матбуот анжуманида битта гапни ноаниқ айтганидан бошланган экан (билмасдим, тўғриси). Умуман, Германиянинг бирлашуви – жуда ҳаяжонли ҳодиса. Қизиқ, бизнинг авлод шунга ўхшаш ҳодисани кўрармикин? (Бундай ҳодисани кўриш учун эса баҳона тайёр).