Get Mystery Box with random crypto!

Ўқишга иккита материал тавсия қиламан. Биринчиси, эски дард ҳа | Муҳрим

Ўқишга иккита материал тавсия қиламан. Биринчиси, эски дард ҳақида, буни ҳатто изоҳлашга ҳам ҳожат йўқ; беш йил аввал ҳам шундай кўзбўямачилик эди, ҳозир ҳам шундай, беш йилдан ҳам кейин шундай бўлса керак. Шукр қилиб яшайверамиз, “шу баҳона, мана, мана бу, анави жойлар сал бўлса-да яхши бўлиб қолди-ку”, деб –– https://www.gazeta.uz/uz/2022/10/29/welcome-mr-president/

Иккинчи материал –– давлатимиз томонидан (ҳа, ҳеч иккиланмасдан “давлатимиз” деса бўлади бу ерда, чунки бу расвогарчиликнинг барчаси давлат ташкилотлари томонидан қилинган –– буюртмаси ҳам, ижроси ҳам, “приёмка”си ҳам) расвоси чиқарилган, юнусободликларнинг ҳаётини салкам дўзаҳга айлантирган Аҳмад Дониш кўчасининг реконструкцияси оқибатлари ҳақида. Буни ўқинг, албатта – https://www.gazeta.uz/uz/2022/10/30/ahmad-donish/

Метро қурилишидан аввал ўзи аллея эди, метро қурилиб бўлгач ҳам аллеялигича қолдирса бўладиган жойни давлатимиз “Ипподромдан Қозоғистонгача” давом этадиган тезюрар шоссенинг бир қисмига айлантираман деб (шаҳарнинг, “спалний район”нинг қоқ ўртасидан шоссе ўтказишни қайси ақлли ўйлаб топган экан, қизиқ), расвосини чиқарди (мен қўполроқ таъриф ишлатгим келяпти, лекин расвосини чиқарганлар арбоб-да).

Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу, дейди. Истанбулда фалон йўллар, фалон тизимларни лойиҳалаштирган деб олиб келган аллага азиз туркларнинг лойиҳаси шу қадар расвоки, авваллари сокин, тинч бўлган 11-мавзе ичи бугун трассага айланган –– Қулоқтепа айланасидан Мегапланет олдига (қандайдир ярим километр масофага) келмоқчи бўлганлар квартал ичидан босади, чунки бошқа яқин йўл йўқ, қоидаси ва инсоф бўйича энг яқин йўл 4 километр чиқади. Сўкмаслик иложсиз.

Аҳмад Донишнинг расвосини чиқарганлар бу йил ёзда Юнусота кўчасини ҳам кирадиган жойига кирғазди. Йўл ўртасидаги яшил зона (ҳа, қақраб ётганди, лекин ҳалиги гидросидингини қилса, буёғам яшнарди) йўқ қилиниб, икки полоса қўшилди. Авваллари, масалан, туман поликлиникасига келаётганлар коляскали оналар шу хавфсизлик оролчаси вазифасини бажарувчи мана шу яшил зонада машиналар тўхташини бехавоттирроқ кутарди.

Бундай эски бир харитасини олиб қарасанг, Юнусобод тузук бир режа билан, ақл билан қурилганини кўрасан –– “спалний район” бўлгани учун катта кўчалари ҳам аллея, кварталлар ичи ҳам аллея, ҳаммаёқ аллея –– хиёбон. Лекин йилига миллион-миллион дарахтлар экиб, Ўзбекистонни яшнатиб юборишни ваъда қиладиган давлатимиз бу аллеяларни сақлаб қолиш ўрнига ҳаммасини йўқ қилди. Аввалига Янгишаҳар кўчасидагиси, кейин Аҳмад Дониш, бу йил Юнусотадагиси. Янги Юнусобод кўчасидаги яшил зонанинг ҳали ҳам сақланиб турганига сабаб –– унинг устидаги электр ўтказиш линиялари, йўқса энг биринчи шу кўча кенгайтирилган бўларди.

Нега Маҳтумқули ёки Чингиз Айтматов кўчасига татбиқ этилган нарса Юнусободдаги кўчаларга ҳам татбиқ этилиши мумкин эмас? Иккиси ҳам Тошкентники-ку. Айби кўчанинг номи МДҲдаги бирор давлатнинг қаҳрамони номи қўйилмагани, бу ерга ўша давлат раҳбари келмаслигими?

Нима ҳам дердик –– давлатимизга инсоф берсин. Шундан бошқа умид ва чора йўқ буларга.