Get Mystery Box with random crypto!

Бугун «Заковат»нинг «10-савол» лойиҳасининг иккинчи сони бўлди | Муҳрим

Бугун «Заковат»нинг «10-савол» лойиҳасининг иккинчи сони бўлди. 10 та саволга жавоб топган иштирокчи 50 миллион ютиб олиши мумкин, ҳеч йўғи биринчи бешта саволнинг жавобини тўғри топганга 1,5 миллион сўм нақд. Мен ҳам лойиҳанинг биринчи сонида ҳеч бўлмаса 1,5 миллионни қучоқлаб уйга кетаман деб ўйлагандим, оддий музалар ҳақидаги саволда қоқилиб, ер тишладим (шарманда!).

Лекин лойиҳа бошқа нарса билан ёдимда қолди. Ўйин жонли эфирда кўрсатилади. Буни уйдагилар ҳам биларди. Уйга келсам, ўғлим: «Сани Ютубда кўрдим», деди (ҳали «сиз» билан «сан»нинг фарқини яхши билмайди, аралаштириб гапиради). Ҳа-а, деб турсам, кетидан дарҳол: «Сани мани алдадинг», деди. Ия, қачон, нима деб алдабман, десам: «Афйикада қой ёйади, сан мани алдадинг», дейди.

Мендан аввалги бир иштирокчига Африканинг қайси мамлакатида энг кўп қор ёғиши ҳақида савол берилганди. Ойисининг айтишича, ўғлим шу саволгача роса ғингшиб, эфирни кўришга ҳам халал бериб ўтирган экан. «Африка» деган сўзни эшитиши билан бирдан ҳушёр тортиб (ҳозир биз Африка мавзусига ўралашиб қолганмиз — боримиз Африка, йўғимиз Африка), шу билан охиригача кўрибди.

Мен ўғлимни нима деб алдаганман? Африка иссиқ, Африкада қор ёғмайди, деганман. «Бир хил жойларида қор ёғади, лекин жуда кам ёғади», деб бафуржа тушунтиришга эринганман шекилли. Аттанг, майдалаб тушунтирсам бўларкан — алдоқчи бўлмасдим.

Шунақа гаплар. Фарзандларингизга ҳар қандай мавзуни бафуржа, майдалаб тушунтиринг — улар фавқулодда эътиборли (сиз кутмаган саволларни бериб, нокаут қилишидан ҳам маълум эътиборли экани), ёлғончи бўлиб қолманг ;)