Get Mystery Box with random crypto!

Бу ҳақда ҳамма нашрлар ёзиши керак, бу давримизнинг энг муҳим | Муҳрим

Бу ҳақда ҳамма нашрлар ёзиши керак, бу давримизнинг энг муҳим янгиликларидан бири — шаҳримиз ва умуман транспортимиз маъмурияти Қўйлиқдан шаҳар марказига алоҳида ҳаракатланиш бўлагига автобус қатновларини йўлга қўйишни бир неча йилдан бери ваъда қилаётган бир вақтда Қўйлиқдан пойтахт марказига қатновчи Дамаслар пайдо бўлди. Шаҳримиз ва умуман транспортимиз маъмуриятидан Европа даражасидаги сифатли хизматни кутган халқимиз, ва ниҳоят, учинчи ҳам эмас, тўртинчи дунё давлатлар сифатидаги сервисга эга бўлди. Нозик-нозик меҳмонларнинг кортежларига ногоҳ халал бериб қолмасин дея, миллион-миллион долларлик трамвайлар ишлатилмай, бир чеккага бир неча кунга тахлаб қўйиладиган мамлакатда шундай инновациялар бўлиши, умуман олганда, адолатдандир.

Тошкентда жамоат транспортини яхшилаш кераклиги ҳақида шунчалик кўп гапирилдики, энди одам уяляпти бу ҳақда гапиргани. Лекин аҳвол яхши томонга ўзгарай демайди. Метро бекатлари сони кўпайса, ҳаётимиз енгиллашиб, зўр бўлиб кетади деб ўйлагандик — қурилиши бир бало, қатнови бир бало, муаммолари бир бало бўлди бу метронинг. Масалан, Юнусободга метро келиб, бир ўзи кунига 33 минг йўловчини ташиган тарихий автобус йўналишлари йўқ қилинди, ваҳоланки, шу метро бугун ҳам кунига 33 минг йўловчини ташиётгани йўқ, интервали Пхеньян метросиникидан сал яхшироқ бўлган ерости саройимиздан халқ манзилига тез ва қулай етиб олиш мумкин бўлганидан эмас, мажбурлигидан фойдаланишда давом этмоқда.

Бу йил фалон юзта автобус олиб келамиз, уларнинг фалончаси электробус бўлади деб оғиз керилди, лекин ҳали бир юзтаси ҳам олиб келинмади, шекилли, аҳвол чатоқ, ўқув йили бошланиши билан автобуслар ва автобусда юрувчилар додлаб юборяпти. Биринчи йили бўлаётгани йўқ бундай муаммолар. Яна метрога қайтадиган бўлсак, унда ҳам шу муаммо — Очилбой акага раҳмат, йўлларни қуриб ташладилар, лекин, тавба-тавба, бунча йўлга етгулик метро вагонлари йўқ, тиқилинч, одамлар нафас ололмай, ҳушидан кетяпти вагонларда. Айни шу вақтда — дўстлар, ажойиб-ку бу — Қўйлиқдан Скверга Дамас қатновлари йўлга қўйиляпти. Шаҳримиз ва умуман транспортимиз маъмурияти айни вақтда шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари учун бундан-да қулайроқ ва арзонроқ транспорт воситасини таклиф қила олмаяпти. Бунақа маъмуриятнинг... ҳай.

Дарвоқе, эртага бир дунё назорат қилувчи/қийновчи/соғувчи органлар Қўйлиққа чиқиб олиб, бу Дамасларга қарши рейд ўтказиб юрмасин тағин. Улар аслида неча йилдан бери пойтахт транспорт тизимини тартибга келтиришни ваъда қилаётган, лекин амалда бирор нима қилолмаган валломатлар фойдасига ишлаяпти — йўловчига қулай, тезкор ва арзон хизмат кўрсатяпти. То ҳар бир метро йўналишида қатнов интервали 2 дақиқага тушмагунича, то шаҳар 1984 ё 1994 йилдагидек катта ва ўта катта сиғимли автобусларга тўлиб кетмагунича, то Шота Руставели ҳайкали олдида ваъда қилинган замонавий трамвайлар қайта қурилмагунича, ДАМАСЛАРДАН ҚЎЛИНГНИ ТОРТ!

Дамасларни кўрарга кўзим бўлмаса-да, мажбурман шундай дейишга.