Get Mystery Box with random crypto!

Канал муштарийларидан бири ёзяпти: ОТМларга ўқишга кириш учун | Муҳрим

Канал муштарийларидан бири ёзяпти:

ОТМларга ўқишга кириш учун имтиҳон топширган 1,1 миллион абитуриентнинг ярмидан кўпи ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни ҳам тўплай олмагани ҳафта давомида кўп ва хўб муҳокама қилинди, «воҳ, даҳшат!», «уҳ, даҳшат!», деб аюҳаннос солинди. Бу — иккичи-ю аълочи бирдек синовдан ўтадиган ОТМлар имтиҳонидаги аҳвол. Қуйида келтирадиган мисолларим эса мактабларнинг фақат аълочи ўқувчиларига алоқадор бўлиб, бу манзара, назаримда, халқ таълими тизими нақадар чуқур ботқоқликда эканлигини кўрсатиб бера олади.

Масалан, Президент мактаби (ПМ)га ҳужжат топшираётган 4-синф ўқувчиси (бу йилдан фақат шу синф ўқувчилари қабул қилинади) асосий фанлардан «беш» баҳога ўқиши шарт. Имтиҳонларнинг фақат математикадан иборат биринчи босқичида 480 та бола саралаб олинади. Иккинчи босқичда эса танқидий фикрлаш, кейин муаммони ечиш ва инглиз тилига урғу берилади. Битта шундай мактабга бир йилда атиги 24 та бола қабул қилинади.

Тошкентдаги ПМга 2022 йилда 2663 нафар бола ҳужжат топширган. Имтиҳонларнинг иккинчи босқичига ўтиш бали 100 имкониятдан 71,5 балл бўлган — 480 ўқувчи камида шунча балл тўплаган, уларнинг фақат 20 нафари 100 фоизлик натижа кўрсатган. Тошкентдаги энг аълочи 2663 ўқувчидан 978 нафари 50 балл ҳам тўплай олмаган. Пойтахтдаги мактабнинг аълочи ўқувчиси оддий математика имтиҳонида 3 баҳо ололмаса, ғалати эмасми?

Обрўси, эътибори, келгусидаги «ништяклари» бўйича ПМдан ярим поғонагина пастроқ ҳисобланган Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга нафақат Тошкент, балки бутун республика бўйича энг аълочи 5-синф ўқувчилари ҳужжат топширади. Қабул шартлари ҳам ПМникидек — асосий фанлар аъло бўлиши керак. Бу йил бу мактабга бутун Ўзбекистон бўйича 7654 ўқувчи ҳужжат топширди, шундан 120 нафари камида 109 имкониятдан 87,2 балл тўплаб, имтиҳондан ўтди (энг юқори кўрсаткич — 104,8 балл).

Айни вақтда, 7654 аълочининг 5600 нафари 50 фоизлик натижани ҳам кўрсатмаган, 2 мингдан зиёди эса 30 фоизлик натижага ҳам эриша олмаган. Уят эмасми? Шунда ҳам кимга — ўқувчигами, ота-онагами, «беш» баҳоларни чизиб берган устозлару мактаб директоригами ё чиройли статистика кетидан қувадиган Халқ таълими вазирлигигами? Бу бошланғич таълимдаги аҳвол, ундан юқориси ҳам ҳавас қиларли эмас.

Республикада ягона ҳисобланган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабга қабул 7-синфдан. Аниқ фанлардан баҳо «беш» бўлиши керак. Имтиҳонлар математика, физика ва инглиз тилидан, максимал тўплаш мумкин бўлган балл — 109. Бу йил мактабнинг ўзбек тилидаги гуруҳига 1911 бола ҳужжат топширди, шундан 20 нафари камида 90,3 балл тўплаб ўқишга кирди (энг юқори натижа 97,5 балл бўлган). Имтиҳонда қатнашган аълочиларнинг 1425 нафари 50 фоизлик натижани ҳам кўрсата олмаган.

Ҳаммаёқ математика бўлиб кетди-ку десангиз, мана, Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб — бу ерда ўқиш учун табиий фанлардан баҳолар «беш» бўлиши керак, имтиҳонлар биология, кимё ва инглиз тилидан. Бу йил мактабнинг ўзбек тили гуруҳига 1214 бола ҳужжат топширди, шундан 80 нафари қабул қилинди. Ўтиш бали 109 имкониятдан 77,8 балл бўлди, энг юқори натижа 103,8 балл. 839 бола 50 фоизлик натижани ҳам кўрсата олмаган.

Юқорида номлари санаб ўтилган мактаблар ҳақида одамлар орасида турли гаплар юради — кимдир шу ерда ҳам порахўрлик бор дейди, яна биров бойларнинг болалари ё «каттакон»ларнинг неваралари шундай ўтиб кетаверади, дейди (имтиҳонлар қаламда топширилишининг ўзи бир алоҳида мавзу). Бўлса бордир. Аммо... рақамлар алдамайди-ку! Аълочиларнинг аҳволи шунчалик ДАҲШАТНИНГ КУБИ бўлса, «аълочи ўқувчим бор», «аълочи фарзандим бор» нимага кериламиз?