2022-01-12 08:01:16
Ҳадисларни ривоят қилишдаги салафи солиҳларнинг одоблари
Амр ибн Маймундан ривоят қилинади: «Мен Абдуллоҳ ибн Масъуддан бир йил таҳсил олган бўлсам, бирор марта таҳоратсиз ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар, деганларини эшитмадим. Лекин бир сафар таҳоратсиз ҳолда тилларидан беихтиёр, Расулуллоҳ бундай дедилар, деган сўз чиқиб кетди. Шу сабабли у зот қаттиқ ғамга ботганлари, ҳатто у зотнинг пешоналаридан тер оқаётганини кўрдим, деди.
Мадина қозиси Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Форим ал-Ансорий: «Молик ибн Анас Абу Ҳозимнинг олдидан ўтиб кетаётганларида, Абу Ҳозим ҳадис айтаётган эди. Шунда Абу Ҳозим Молик ибн Анасга мажлисда ўтиришга рухсат берди. Молик ибн Анас: «Мен у ерда ўтириш учун жой топа олмадим ва ўзимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тик турган ҳолда эшитишни кариҳ санадим», дедилар.Молик ибн Анас: «Бир киши Саид ибн Мусаййибнинг олдига келди ва у зотдан бир ҳадис ҳақида сўради. Шу пайт Ибн Мусаййиб ётган эдилар. Тезда ўринларидан туриб, ўтириб олдилар ва ҳадисни айта бошладилар. Шунда халиги киши Ибн Мусаййибга: «Бундай қилишингизнинг сабаби нима?», деб сўради. Шунда у зот, мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ётган ҳолда айтишни ўзимга кариҳ кўрдим, дедилар.
Муҳаммад ибн Сирийндан ривоят қилинади. У зот кулаётган пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари зикр қилинадиган бўлса, дарҳол тавозеъ қилиб хушуъ билан эшитардилар.
Абу Мусъаб: «Молик ибн Анас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлаб, доим таҳоратлик ҳолатда айтар эдилар», деди. Молик ибн Анас мана шу ҳолатни Жаъфар ибн Муҳаммаддан ҳикоя қилганлар.
Мусъаб ибн Абдуллоҳ: «Молик Ибн Анас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор ҳадисларини айтадиган бўлсалар, таҳорат олар, ўзларига эътибор берар ва кийимларини киярдилар ва шундан сўнг эса ҳадис айтар эдилар», деди.
Матроф: «Агар инсонлар Моликнинг ҳузурига келсалар, у зотнинг жориялари чиқиб, уларга: «Ҳазрат сизлардан ҳадис учун келдингизми ёки масала сўрашгами», деб сўрамоқдалар», деб айтарди. Агар улар масала учун келганларини айтсалар, у зот уларнинг олдиларига чиқардилар. Агарда ҳадис учун келганларини айтсалар, у зот ғусл қиладиган хоналарига кириб, ғусл қилардилар, ўзларига хушбўйлик суртардилар, янги кийимларини киярдилар, кейин яшил рангли устки кийимларини ва саллаларини киярдилар.
Бошларига эса ридоларини қўярдилар. Кейин эса у зотга минбар келтирилар ва у зот ўша минбарга чиқиб хушуъ билан ўтирардилар. У зот то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтишдан фориғ бўлмагунларига қадар у зотдан хушбўйлик иси таралиб турарди. Молик ибн Анас ўша минбарга фақат ҳадис айтадиган бўлсаларгина чиқардилар», деди.
Ибн Абу Увайс: «Имом Моликдан нима учун юқорида зикр қилинган ҳолатни қилишларини сўрашди. Шунда у зот: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни севаман. Қачон мустаҳкам таҳоратли бўлсамгина ҳадис айтаман», деб жавоб бердилар», деди.
Молик ибн Анас йўлда кетаётиб ёки тик турган ҳолда ёки бўлмаса шошилиб турган ҳолда ҳадис айтишни яхши кўрмас эдилар.
Зирора ибн Мурра: «У зот таҳоратсиз ҳадис айтишни кариҳ санардилар», деди.
Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис айтаётганларида таҳоратсиз бўлсалар, таяммум қилиб олар эдилар.
Қатода раҳматуллоҳи алайҳ таҳоратсиз ҳолда ҳадис айтмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини доим таҳоратли ҳолда ўқир эдилар.
Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: «Мен Молик ибн Анаснинг ҳузурларида эдим. У зот бизларга ҳадис айтаётган эдилар. Шу пайт у зотни чаён ўн олти марта чақди. У зотнинг ранглари ўзгариб, юзлари сарғайди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтишдан тўхтамадилар. Мажлис тугагач, инсонлар у зотнинг ҳузурларидан тарқалиб кетдилар. Мен эса у зотга: «Эй Абу Абдуллоҳ бугун мен сизда бир ажиб ҳолатга гувоҳ бўлдим», дедим. У зот: «Тўғри айтасан, чаён мени ўн олти марта чақди. Мен бунинг барчасига сабр қилдим. Сабр қилишимнинг сабаби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлаш эди» дедилар».
7.4K views05:01