Get Mystery Box with random crypto!

ЗАМОН ЎЗГАРМАДИ Қуёш яралгандан чиқар, ҳар куни, Ҳамон ўзгарм | Muhammadaziz_tv | Blog

ЗАМОН ЎЗГАРМАДИ

Қуёш яралгандан чиқар, ҳар куни,
Ҳамон ўзгармади, бизлар ўзгардик.
Замон ўзгарди деб, айбламанг уни,
Замон ўзгармади, бизлар ўзгардик!

Ой ҳам пайдо бўлибдики, нур сочар,
Юлдузларга осмон бағрини очар,
Аммо бугун биздан диёнат қочар,
Замон ўзгармади, бизлар ўзгардик!

Беҳаёлик авжланса, замонданмас,
Нафс бўрони мавжланса, замонданмас.
Учган ўқ сайёддандир, камонданмас,
Замон ўзгармади, бизлар ўзгардик!

Фитна ботқоғига ботган ўзимиз,
Меҳру оқибатни сотган ўзимиз,
Яна замонга тош отган ўзимиз,
Замон ўзгармади, бизлар ўзгардик!

Тонг отади, ўша-ўша кун ботар,
Бизни қачон, ким ғафлатдан уйғотар?
Бизлар сабаб шўрлик замон ғам тотар,
Замон ўзгармади, бизлар ўзгардик!

Баҳор келиб кетса, ёз келаверар,
Куз келиб етгач аёз келаверар,
Бари ўз вақтида – соз келаверар,
Замон ўзгармади, бизлар ўзгардик!

Замон асли Яратгандир, Худодир,
Буни билмаганлар бахтдан жудодир,
Бизга инсоф берсин ҳар нега Қодир,
Замон ўзгармади, бизлар ўзгардик!

Иймонли қалб ўтган кунин хотирлар,
Оқибатдан қилгайдир хавотирлар,
Қўрқоқ бўлмоқдадир бу кун Ботирлар,
Замон ўзгармади, бизлар ўзгардик!

Ботиржон ЭРГАШЕВ