Get Mystery Box with random crypto!

Ҳаёт тиғиз... Ҳаёт тиғиз... Яшашга вақт йўқ, Ҳаёлимда нурли ф | Muhammad Ali ijodi

Ҳаёт тиғиз...

Ҳаёт тиғиз...
Яшашга вақт йўқ,
Ҳаёлимда нурли фикрлар.
Қўлинг тутар лек узуқ-юлуқ,
Нотинч дунё, икир-чикрлар...

Ҳаёлингда йўқ нарса бирдан
Рўбарўнгдан чиқиб қолгувси.
Фикр-ўйинг тиқилинч, тирбанд,
Неча кунлаб вақтинг олгувси.

Касал кўриш... турфа хил ишлар...
Оқибатни айтай олиб тан:
Орттиради баъзан ташвишлар
“Миллий”даги талаба жиян.

Мусофирлик кўрмай, чинакам
Ҳеч мусулмон бўлмасин билиб,
Россиядан қайтмоқда укам,
Азоб тортиб, “мусулмон” бўлиб.

Қачонлардир четга йўл олган,
“Ватан, Ватан!” дея соғиниб
Шифтга осиб қўйган бир халта
Тупроққа кўз тикар оғриниб...

Ҳаёт тиғиз...
Дер: “Қилгил ҳавас,
Шу Ватаннинг қадрига етгил!
Бир томчи қон, бир лаҳза нафас
Аямагил, жон фидо этгил!”

Гуркирайди ўзгача ҳаёт,
Гулларда ҳам ўзгача бир ранг.
Бораётир баркамол авлод,
Ортда қолмай қадам ташласанг!

Ўзинг билан, бошқаларни ҳам
“Ватан!” дея олға бошласанг!
Десанг: “Ватан!
Онажон!
Онам!..”
Ёниб,
ёниб,
ёниб яшасанг!

Муҳаммад Али

@muhammadaliijodi