Ажаб, дўстлар...
Ажаб, дўстлар, бўлибман ошиқ
Сочи узун ғаройиб қизга.
Ўйлайману, оҳ, завқим ошиб
Бериламан жунбушли ҳисга.
Бироқ севгим айласам изҳор,
Сўзларимга қулоқ солмайди.
Йигитларнинг ёридай дилдор,
Гулдасталар берсам олмайди.
Боқмайди. Ё ёқмайди сўзим,
Ё севгани бошқа эҳтимол.
Койинаман ўзимдан ўзим,
Кезинаман гумон ичра лол...
Қайга борсам қалбимда ёлғиз
Ул қиз ўйи, ул чечак иси...
Кейин билсам, мен ёқтирган қиз –
Илҳом экан,
Илҳом париси!..
Муҳаммад Али
@muhammadaliijodi