Get Mystery Box with random crypto!

Ҳидоят Мадинаи мунавваралик икки йигит Туркияга виски ичиб да | Mubiyn_UZ

Ҳидоят

Мадинаи мунавваралик икки йигит Туркияга виски ичиб дам олиш учун келдилар. Истанбулга етиб келганларида, виски сотиб олиб таксига ўтирдилар. Сўнг ҳеч ким кўрмаслиги учун чеккароқ бир қишлоққа бориб, ўша ердаги бир меҳмонхонага жойлашдилар. Меҳмонхонада керакли варақаларни тўлдираётганларида хизматчи уларнинг қаерданликларини сўради. Улардан бири Мадинаи мунавварадан, деб жавоб қилди.
Шунда хизматчи хурсанд бўлиб, Пайғамбар алайҳиссалом ва Мадина аҳлига бўлган ҳурматидан йигитларга оддий хона эмас, балки алоҳида хонадан жой берди. Йигитлар хурсанд бўлди, тунни эса виски ичиб ўтказдилар. Уларнинг бири бутунлай маст бўлиб, иккинчиси эса ярим маст ҳолда ухлаб қолдилар.
Йигитлардан бири эрталаб соат 4.30 да эшик тақиллашидан уйғониб кетди. Эшик ортида меҳмонхона хизматчиси турар эди ва йигитга қарата: "Масжидимиз имоми сизларнинг Мадинаи мунавварадан эканингиз ва шу ерда эканингизни билиб бомдод намозига имомлик қилишдан бош тортаяпти. Биз пастда сизларни кутяпмиз", деди. Йигит дарҳол шеригини уйғотди ва: "Қуръондан бирор оят ёдлаганмисан?" деди. Шериги эса имом бўлиб жамоатга ўта олмаслигини айтди. Йигитлар нима қилишларини билмай қолдилар. Шу пайт яна эшик тақиллади. Меҳмонхона хизматчиси: "Сизларни кутяпмиз, бомдод вақти оз қолмоқда", деди.
Шунда йигитлар биринма кетин ҳаммомга кириб ғусл қилдилар ва пастга, масжидга тушдилар. Масжид худди жума намозидаги каби намозхонлар билан тўла эди. Улар йигитларга чин юракдан салом берар эдилар. Уларнинг бири имомга ўтди.
Такбир айтиб "Фотиҳа" сурасининг дастлабки ояти "Алҳамду лиллааҳи Роббил аъламийн..." деб ўқиганида бутун масжид аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидини эслаб юм-юм йиғладилар.
Имомликка ўтган йигит ҳикоя қилиб айтади: "Икки ракатда ҳам"Фотиҳа" сурасидан сўнг "Ихлос" сурасини ўқидим. Чунки Қуръондан бошқа ёдламаган эдим. Намоздан кейин ҳамма менга салом бера бошладилар".
Ушбу воқеа мадиналик икки йигитнинг ҳидоятига сабаб бўлди. Ҳозир уларнинг бири машҳур воизлардан бўлган. Баъзида Роббим бир ишни сенга лозим топади, у эса сенинг ҳидоятингга сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Сидратул-мунтаҳога борганларида у зотга Роббиси томонидан ваҳий қилинди: "Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг ва сўранг, ато қилинади", дейилди. Шунда Расулуллоҳ: "Эй Роббим, сен баъзи қавмларни ерга юттириш билан азобладинг, баъзиларини эса бошқа махлуқотга айлантириш билан азобладинг. Менинг умматимга қандай муомала қиласан?" деб сўрадилар.
Аллоҳ таоло айтди: "Уларга раҳматимни нозил қиламан, ёмонликларини яхшиликларга айлантириб қўяман, дуо қилганга ижобат қиламан, сўраганига бераман, ким менга таваккал қилса, унга Ўзим кифоя қиламан, дунёда гуноҳкорларнинг айбларини яшираман, охиратда сизни уларга шафоатчи қиламан... Эй Муҳаммад, Мен энг Раҳмли, сиз эса шафоатчи бўлганингиздан кейин умматингиз қандай қилиб Энг Раҳмли Зот ва шафоатчи ўртасида зое бўлсин!?".
Аллоҳим, нақадар Буюк ва Раҳмли бўлмасанг!!!


https://t.me/joinchat/AAAAAEzXDnu6k6kDD1hUUg