Get Mystery Box with random crypto!

Жисм қон саратонига чалинса, оқ ва қизил ҳужайралар ўртасида а | Mubaşşir Ahmad

Жисм қон саратонига чалинса, оқ ва қизил ҳужайралар ўртасида аёвсиз жанг бошланиб, жисмни тезда қабр йўлига олиб боради.

Қачонки, уммат тафриқаланиш касалига мубтало бўлса, унинг зиёни уммат бошига тушиб, борлиқ ҳалокатга юз тутади.

Шубҳа йўқки, Аллоҳнинг ҳузурида энг улуғ қурбатлардан бири мусулмонларни ушбу ҳалокатдан четлатиш ва якка шахслар ва жамоаларни бир-бирига яқинлаштирмоқдир.

Уларнинг ўртасини ислоҳ қилмоқ зарур. Токи буюк мақсадларига етсинлар ва оламларга ислом рисолатини ёйсинлар.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий, "Ислом ва ҳаракатсиз қувватлар" китобидан

---------

Эътиқодий-фиқҳий масалаларда жанжаллашиб юришимиз фақат зарар. Бундай низоларни ўрганиш ва муносиб вақтда қўзғаш учун дунёда ўнлаб марказлар ишлаб турибди.

Бу гап консприлогия эмас, балки кўз билан кўриб ва ақл қабул қилиш мумкин бўлган ҳодиса. Бизни ўрганиб тўғри ҳам қилишади.

Ўрганиб сарфлашган ўннинг ўрнига мингни қозонишади. Бундай баракотнинг сабаби, улар биз ўрганмаган ё ўрганиб амал қилмаган оятнинг мағзини чақишган:

"... (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур"
("Анфол" сураси, 46-оят).

Қаранг, мусулмонлар ўзаро эътиқодий-фиқҳий масалада тортишишлари буюрилган бирор оят йўқ.

Аммо бирлашишлари кераклиги ва бўлинмасликлари лозимлиги ҳақида эса очиқ-равшан бир неча оятлар бор.

Аллоҳ инсонлар унутадиган масалаларда эътиборни жалб қилади ва фитрат тақозоси билан бажарадиган ишларида эса сукут қилади.

Масалан, ота-онага яхшиликка буюради. Чунки инсон буни тез унутади. Аммо фарзандларга яхшилик қилинг, деб буюрмайди, сукут қилади. Чунки инсон ўзи табиатан шундай қилади.

Шунга ўхшаб, қалбида низолашишга мойиллик истагини яратган Аллоҳ, ундан фақат бирлашишни талаб қилган.

Ҳадиси шарифда ҳам шундай. Демак, тортишиш, низолашиш ва бунга интилиш шаҳватдан. У оддий шаҳват, динга хизмат қилиш эмас. Ҳозир динга хизмат қилиш майдони бошқа томонларда.

Бу гапларни кўп бора такрорладим. Лекин бундан кўра, катта уламолар кўтариб чиқиб, ўзаро ҳал қилиб олишган масалаларни тортишиб юриш бизга қизиқарлироқ туюляпти.

Ваҳоланки, шайх Ғаззолий ҳам: "Шубҳа йўқки, Аллоҳнинг ҳузурида энг улуғ қурбатлардан бири мусулмонларни ушбу ҳалокатдан четлатиш ва якка шахслар ва жамоаларни бир-бирига яқинлаштирмоқдир", деб бирлашиш ва бирлаштириш қурбат - Аллоҳга яқин қилувчи амал эканини таъкидламоқдалар.

Биз бугун ҳар замонгидан ҳам кўра бирлашиш ва бирлаштиришга муҳтожмиз
.

Мубашшир Аҳмад

Telegram | Facebook | Instagram | YouTube