Get Mystery Box with random crypto!

Бугун жума кунини жума намозисиз ўтказдик. Жума куни файзи жум | Mubaşşir Ahmad

Бугун жума кунини жума намозисиз ўтказдик. Жума куни файзи жума намозини ўқиш билан экан.

Раҳбариятимизга тўғри тушунтирса, тушунишади.
Жума ўқиш фарз. Ундан ман қилиш ҳаром. Илло узр бўлса истисно. Узр бор, лекин уни жумани ман этиш билан эмас, бошқа чоралар кўриш билан риоя қилса бўлади.

Карантин қоидаларига, кўп бора такрорладик, фақат масжидларда тўлиқ амал қилиняпти. Жумада ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, намоздан сўнг кўришмасдан-сўрашмасдан тарқалишни йўлга қўйиш осон. Бунинг учун кўнгиллиларни сафарбар қилса ҳам бўлади. Масжидларда савобталаблар жуда кўп. Аввал бу чораларни қўллаб, агар натижа кўнгилдагидек бўлмаса, сўнгги чорани қўлланса бўларди.

Танишим гапириб қолди: Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Бухородаги бир масжидда чет элдан даъватчилар келган экан. Уларни ўрганиш учун раҳбарият масжидга уни юборганда, таҳорати йўқлиги учун масжидга киришга ийманган экан.

Ўша пайтда намоз ўқимасам ҳам, масжидни, ибодатни ҳурматини билганим учун масжидга кира олмагандим, ҳозир юзминглаб киши ўқийдиган намозларни бир қарор билан таъқиқлаб қўйилаверади-я, дея ҳайрон бўлди.

Қуйида уруш пайтида хавф намози ўқиш қоидаларини Қуръон оятларидаги тасдиғини келтираман.

Шояд шунда намоз жуда муҳим масала эканини тушунсак, билъакс уни ўқиб бўлгач, Аллоҳдан балоларни кўтаришини сўраб дуолар қилиш манфаатлироқ эканини англасак:

"Улар ичида бўлсанг-у, намоз адо қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин ва силоҳларини ўзлари билан олсинлар.

Сажда қилганларидан кейин орқангизга ўтсинлар. Намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сен билан намоз ўқисин. Эҳтиёт бўлиб, силоҳларини ўзлари билан олсинлар.

Куфр келтирганлар силоҳларингиз ва матоҳларингиздан ғофил бўлсангиз, устингиздан бирдан ҳамла қилишни истарлар. Ёмғирдан озор етса ёки бемор бўлсангиз, силоҳларингизни қўймоғингизда гуноҳ йўқдир.

Xушёр бўлинглар! Албатта, Аллоҳ кофирларга хорловчи азоб тайёрлагандир. (Ушбу ояти карима билан танишганда, намозга нақадар катта эътибор борлиги дарҳол англаб етилади.

Ўйлаб кўринг-а: уруш бўлиб турса, ҳар бир инсоннинг ҳаёти қил устида турса-да, яна намоз ўқишга амр бўлса! Уруш пайтида ўқиладиган намоз «Хавф намози» деб аталади. Демак, жиҳодга чиққан мужоҳидлар бу ҳолда иккига бўлинишади.

Бир тоифалари имом билан намоз ўқийди, иккинчи тоифа намоз ўқимай, қўриқчилик қилиб туради. Имом биринчи тоифа билан биринчи ракъатни ўқиб бўлгандан сўнг туриб орқага қўриқчиликка ўтади.

Қўриқчилик қилиб турган иккинчи тоифа келиб имом билан иккинчи ракъатни ўқийди. Оятда шу жойгача зикр этилган. Намознинг давоми Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида келган.

Иккинчи ракъат тамом бўлиши билан имом салом беради. Чунки у икки ракъатни тамом ўқиди. Кейин биринчи тоифа келиб иккинчи ракатни ҳар ким ўзи ўқиб салом беради.

Иккинчи ракатни имом билан ўқиган ва яна қоровулликка ўтган иккинчи тоифа биринчи тоифадан кейин қолган бир ракат намозини якка-якка ўқиб салом беради.

Бундай намозни адо этиш давомида мусулмонлар ҳушёр бўлишлари ва силоҳларини ўзлари билан бирга тутишлари қайта-қайта тайинланмоқда. Кофирларнинг ёмонликларидан бехабар қолманглар, деб огоҳлантирилмоқда.)

("Нисо" сураси, 102-ояти "Тафсири Ҳилол"дан олинди).

Telegram | Facebook | Instagram | YouTube