2022-10-07 07:08:33
МУАЛЛИМҲар тун боласи донг қотган бир замон,
Қоғозу китоблар уни қучоқлар.
Кўзлар уйқу билан курашар ҳамон,
Ҳатто кўчаларда ўчгач чироқлар.
Нимадир чизади, бўяйди гоҳи,
Тақдир ҳаётини ўлчайди китоб.
Эртанги дарс ҳақда сўйлар нигоҳи,
Хаёлан дарсини ўтади ҳисоб.
Унинг кўз нуридан кечалар ойдин,
Бедор урар тиним билмай юраги.
Олам ором олар онадек сокин,
Юлдузлар сонича эзгу тилаги.
Қай бир боласидан умиди улкан,
Ё самога нарвон қўяр Улуғбек.
Яна қай бирини суяди ўлкам,
Темурдек жаҳонга бўла олур бек.
Хаёлан ўтмишга оқади умри,
Аму билан Сирда тўлиб ва тошиб.
Ҳали ҳамон унда яшар томири,f
Фаробий, Беруний умридан ошиб.
Маъмун уйи бўлар кенг ижодхона,
Олимлар яшаган муқаддас маскан.
Бугунги оламни тузган пинҳона,
Учоқларсиз узоқ сайр этганда шаън.
Унинг хаёлида олам ташвиши,
Оила ва Ватан — юрагида жон.
Ҳар тун уйқу олди шу бўлар иши,
Китоблар ёпилгач юмилар мужгон.
Саҳарлаб шошади мактаби томон,
Талпинган боладай ўз онасига.
Йўлда ўтиб борар бир тўп оломон,
У ҳам етиб борар синф хонасига.
Оддий, кенг ва шинам, файзли бирам,
Дераза ёнида ҳамиша баҳор.
Қалбидек ташнадир илмга бўр ҳам,
Болаларни кутар улар интизор.
Қучоқ-қучоқ олам келади бир-бир,
Тонг сабоси эсиб шодлик нафаси.
Томирларда урар ҳаяжон дир-дир,
Кимда ҳасад, кимнинг келар ҳаваси.
Мана шеъриятнинг ёрқин юлдузи,
Зулфия шеър ўқир бийрон тилида.
Ҳамид Олимжондек тикилиб кўзи,
Бир бола тинглайди уни дилида.
Рақамлар сиғмайди кимнинг ўйига,
Хоразмий илмини илкида тутган.
Юртим мадҳин ёзар янги куйига,
Мутал Бурхоновдек умрини битган.
Олқишлар ошиқар ҳар талант учун,
Кундаликка асло тушмайди бир гард.
Баҳоларда яшар боладек очун,
Ёмон баҳолардек бўлмайди ҳеч дард.
Қорачиқда порлар Ватан тақдири,
Қорачиқда ёнар умид, орзулар.
Сўнмасин қалбида унинг ҳеч бири,
Келажак йўлига сочсин ёғдулар.
Ота ва онадек энг меҳрибон зот,
Зарра озор топса, топмас ҳаловат.
Ўзидан қолдириб асил зурриёт,
Маънавий дурларни қилган саҳоват.
Мурғак гўдакларнинг юракларида,
Балки ўрин олмас етук бир олим.
Лекин содда сабоқ, эртакларида,
Болалар меҳрини олган муаллим.
Ҳамид ИКРОМ
Қўқон университети талабаси
"Халқ таълими ходимлари"
каналига аъзо бўлинг
https://t.me/+9H9YVYxQD842YzRi
3.7K viewsedited 04:08