Get Mystery Box with random crypto!

Тепамизда турманг, ёнимизда туринг, таянч бўлинг. @Abdukarim_ | Moslemʼs blog

Тепамизда турманг, ёнимизда туринг, таянч бўлинг.

@Abdukarim_Mirzayev
нинг Осмондаги Болалар лойиҳасида берган интервюсини томоша қилиш давомида Темур аканинг « Нега биз миллат ўлароқ ривожланмаяпмиз, ёшларимизда илмга бўлган иштиёқ нега йўқ » деб берган саволларига Абдукарим аканинг берган жавоби мени хотиралар денгизига чўктириб юборди.

Ва шу мақолани ёзишга, аниқроғи ичимдаги йиғилиб қолган гапларни ёзишга қарор қилдим.

Ўзим Қашқадарёнинг Туркманистонга чегарадош қишлоқларининг бирида туғилганман.
Ўрта мактабда 2 йил ўқиганимдан сўнг Нишон туманида ихтисослаштирилган мактабда ўқидим, кейин Самарқандда, сўнг эса Қарши шаҳрида ўқиб, охири Тошкентга ўқишга кирдим.

Шу ўтган бир лаҳзалик умримни хотирлар эканман, эришганларимга акаларимнинг (бизда отанинг укаларини шундай аташади) ҳиссаси беқиёс.
Мени ҳар доим қўллаб, ёрдам бериб келишган. Шу сабабли бир неча ўн йиллардан бери яхши бир кадр чиқармаган бизнинг қишлоқда, мен биринчи бўлиб пойтахтга ўқишга кирдим.

Аммо қишлоқда мендан кўра қобилиятлироқ, шижоатлироқ йигитлар, қизлар бор эди.

«Улар нега ҳали ўз йўлини топа олишмади» деб, бир неча кунлар ўйлаб юрдим.

Қишлоқ ҳаётини, одамларини бирма-бир таҳлил қилиб чиқдим. Адашмасам 80 фоизи ишсиз, бирор тайинли жойда ўқимаган чорвадорлар эди.

Ўша «қобилиятли» йигит-қизлар эса уларнинг фарзандлари эди.
Қизиғ-а!

Ўша бизнинг қолоқлигимизга ҳам шу ота-оналар, шу қон-қариндошлар айбдор эмасми?!

Қўлинга китоб олсанг, «Китоб ўқиб, шаҳар оберармидинг» деб қаршилик кўрсатган, бирор иш қилмоқчи бўлсанг, « ёш бола гапга аралашмайди» деб, жеркиб берадиган ота-оналар эмасмикин.

Бу эскилик тарафдорларига қандай чора қўлласак бўлади.

Тўғри бошидан кўп оғир замонлар ўтди. Қанчадан қанча мусибатлар ўтди. Лекин ўша мусибатларга илмсизлик, қолоқлик сабаб бўлмадими?!
Таналарига ўйлаб кўрмайдиларми?

Айтаман десам, гап кўп.
Буларни ўқиётган, ҳурматли обуначилар, ёш бўлсангиз ҳамма нарсани йиғиштириб, илм олинг, тажриба йиғинг, дунёни кўринг, ўз қобиғингизга ўралиб қолманг.
Ёши катта бўлсангиз, илтимос, биз ёшларнинг бошимизда турманг, ёнимизда туринг, таянч бўлинг.

Бу қолоқлик авлоддан авлодга ўтадиган бир касаллик. Кимдир уни даволаши керак.

Мени айтди дерсиз.

https://t.me/moslemsblog