Get Mystery Box with random crypto!

​​Хотиржамлик истайман ҳозир Мени оламда йўқ деб ҳисобланг. | Nodirabegim.uz

​​Хотиржамлик истайман ҳозир
Мени оламда йўқ деб ҳисобланг.

Кўзларимни юмгум бир зумга...
Бешта нарса керак бўлади менга.

Биринчиси, чексиз муҳабббат.

Иккинчиси, кузни севиш:
агар япроқлар бўлмаса яшаб не қилдим
улар оҳиста тушмаса ерга.

Учинчиси, қиш кунлари
қуйса ёқимли жала
қаҳратонда ёнса аланга.

Тўртинчиси, сокин ёз
тарвуз каби думалоқ.

Бешинчиси, сенинг кўзларинг.

Матилда, менинг орзумсан,
Кўзларингсиз ухлай олмайман,
Нигоҳларингсиз яшолмайман,
Мен осонлик билан баҳорни
Жойлайман қароқларингга.

Дўстлар, менга керак бори шу
бошқа ҳеч... шулар етарли.

Энди эса сизни тутиб турмайман...

Шунчалик кўп яшадимки,
тез орада унутиб юборарлар мени,
Юракдан сидириб ташларлар,
Абадий тинч яшайдилар сўнг.

Бироқ мен сукунат истайман
асло йўқлик - ўлим эмас.
Менда кечар бари бошқача:
нафас олмоқликда этаман давом.

Ейман ва ичаман буёғига ҳам.

Шунчаки ич ичимда
буғдой донларини ўстириш
ва ерга қадаш учун
куч тўплаб бораман.
Лек она замин зулматдир
худди менинг қалбим сингари:
Мен қудуққа ўхшайман, сувларига
тун сочади юлдузларин,
далалар ёруғ бўлиши учун.
Тушуняпсизми, мен кўп яшадим,
Ва янада узоқ умр истайман.

Ҳеч қачон бунчалик ўпичларга бой
Қўнғироқча бўлмаган эдим.

Аввалгидек гўзал тонг отади,
Нурлар елар асалари қанотларида.

Мени тонг билан ёлғиз қолдиринг,
Қайта туғилмоққа имкон яратинг.

Пабло Неруда

Нодира Иброҳимова таржимаси

@mittihaqiqatlar