Get Mystery Box with random crypto!

СУРАТ Дунёнинг ишлари доим шошилинч. Одатдагидек тик турганч | Митти Ҳикоялар

СУРАТ

Дунёнинг ишлари доим шошилинч. Одатдагидек тик турганча нонушта қилаётган эдим. Онам одатдагидек қистарди:
– Ўтирсанг-чи, болам. Бирпас ўтиргин.
– Бўлди, кетдим.
– Шошма, болам. – Онам кўзимга одатдагидан бошқача, қандайдир мунг билан термилди. – Гап бор.
Типирчилаб соатга қарадим: ҳали бензин олиш керак, ишга бориш керак, кейин нашриётга ўтиш...
– Нима эди?
Онам кўзимга ҳамон маъюс термилиб ўтирарди.
– Суратга тушайлик, – деди тўсатдан.
Ажабландим.
– Нега?
– Яқинда мен ўламан.
Онам бу гапни худди: «Қўшниникига чиқиб келаман», дегандек оҳангда айтди. Кулиб юбордим.
– Қўйсангиз-чи, ойи.
Шундай дедим-да, чиқдим кетдим.
Орадан икки ҳафта ўтди-ю...
Кечалари уйғониб кетаман, ўйлайман. Ўйлайман: сен номард, сен аҳмоқ нимага, нимага ўшанда кулдинг? Суратга тушишга
вақтинг йўқмиди? Керак бўлса топасан-ку! Китоб учун, журнал учун, иш устида, боғда, кўчада... Нима, сен киноюлдузмисан?
Жаҳоншумул шахсмисан? Ана, бир даста суратинг ётибди. Ҳар хил. Ҳар ерда... Фақат... Онанг билан тушган суратинг йўқ

Ўткир Ҳошимов

@Mitti_Xikoyalar