Get Mystery Box with random crypto!

Жумъа табриги * * * ЖУМЪА КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН! بِسْ | Мирзо Кенжабек ижоди

Жумъа табриги
* * *
ЖУМЪА КУНИНГИЗ
МУБОРАК БЎЛСИН!

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
Марҳамати кенг ва раҳмати чексиз Аллоҳ исми билан. Аллоҳ таолога сўнгсиз ҳамду сано, жаноб Расулуллоҳга чексиз салоту салом бўлсин.
Ҳазрати Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинди; жаноб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Қуёши чиққан энг яхши кун жумъа кунидир. Одам (алайҳиссалом) ул кунда яратилди, ул кунда жаннатга киритилди ва ул кунда жаннатдан чиқарилди. Соат (қиёмат) ҳам фақат жумъа кунида қоим бўлур». (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривоятлари. “Сунани Термизий”, 488-ҳадис.)

Ҳазрати Лубоба ибн Абдул-Мунзир ал-Ансорийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинди; жаноб Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Жумъа куни кунларнинг улуғидир ва Аллоҳ ҳузурида энг ҳурматлисидир. У Аллоҳ наздида қурбон ҳайити кунидан ва рамазон ҳайити кунидан ҳам улуғроқдир. Унда ушбу беш хислат бордир:
1) Аллоҳ Одамни (алайҳиссалом) у кунда яратди;
2) Аллоҳ Одамни (алайҳиссалом) ер юзига у кунда туширди;
3) Аллоҳ Одамни (алайҳиссалом) у кунда вафот эттирди;
4) у кунда шундай бир он борки, банда ҳаром бир нарсани сўрамаслик шарти билан, Аллоҳдан нимани сўраса, Аллоҳ албатта ато қилади.
5) Қиёмат у кунда қоим бўлади. Юксак мақомли (муқарраб) фаришталар, осмон, ер, шамоллар, тоғлар ва денгиз жумъа куни (ҳайбати)дан қўрқиб турадилар”.
(Имом Ибн Можа, “Иқома”, 79, р.1084.)

ШАРҲ.
1. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни жумъа кунида яратгани ҳикмати – Аллоҳ таоло у зотни дунёни бошқаришга лойиқ халифа, биринчи инсон, биринчи пайғамбар қилди. Фаришталар Аллоҳнинг қудрати учун у кишига сажда қилишга буюрилдилар.
Одам алайҳиссаломни жумъа кунида яратилишларидан яна бир мақсад, у зотга Аллоҳнинг Ўзидан бошқа ҳеч ким эгалик қила олмайдиган мулкидан руҳ киритилмоғидир.

2. Одам алайҳиссаломнинг Жаннатдан чиқарилиб, ерга туширилишлари жумъанинг фазилатларидандир, у зот учун ҳам бир имтиёздир. Чунки бу воқеъа кўп хайрларга сабаб бўлган. Энг буюк хайр – охирзамон Пайғамбари, коинотнинг саййиди, пайғамбарлар имоми, оламларга раҳмат қилиб юборилган ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ер юзида дунёга келишлари ва дунёга шараф бахш этишлари лозим эди.

3. Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссаломни жумъа кунида вафот эттиргани –жумъа кунининг устунлиги ва улуғлигини кўрсатувчи далилдир. Ҳазрати Имом Ҳоким ва Имом Байҳақийнинг ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилган мавқуф ҳадисда: “Ўлим мўъмин учун бир ҳадядир”, дейилган.

4. Жумъа кунида ҳаром бир нарсани сўрамаслик шарти билан, дуо қабул бўладиган соатнинг ато этилиши жумъа кунининг фазилатларидандир ҳамда ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларига Аллоҳнинг буюк бир эҳсони, улуғ бир мукофоти бўлиши учундир.
Чунки у зотнинг уммати инсонларнинг яхшилиги учун чиқарилган энг яхши умматдир, зеро инсонларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар ва Аллоҳга ҳаққоний ишонадилар (Оли Имрон сруси, 11-оятга қаралсин).

5. Қиёматнинг жумъа кунида қоим бўлиши ҳам жумъа кунининг фазилатларидан бўлиб, Аллоҳ таолонинг мўъмин бандаларига бўлган чексиз раҳмати натижасидир. Чунки қиёмат куни нақадар оғир кун бўлса ҳам, у Кун мўъминлар учун Аллоҳнинг раҳматига, абадий жаннатига, жамолига эришадиган кундир.

Юксак мақомли муқарраб фаришталар, осмон, ер, шамоллар, тоғлар ва денгизнинг жумъа куни ҳайбатидан қўрқиб туришлари – қиёмат кунида дин душманларининг жаҳаннам жазосига дучор қилиниши ва Аллоҳнинг адолат сифати тажаллий этмоғи сабаблидир.
Чунки Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Жинлар ва инсонлардан бошқа барча қимирлаган жону жонзот қиёмат қоим бўлиб қолади деган андиша билан жумъа куни тонг шафағидан то кун ботгунича қараб турадилар”.
Бас, Қиёмат куни мўъминлар учун Аллоҳнинг раҳматига ва абадий жаннатига эришадиган кундир.

ЖУМЪА КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Шайх Мирзо Аҳмад Хушназар
Термизий

Каналимизга аъзо бўлинг ва дўстларингизга улашинг:

https://t.me/joinchat/AAAAAETzHEzluSXPTKd2EA