Get Mystery Box with random crypto!

Давлат қарзи учун юқори чегара белгиланибди бу яхши лекин «Да | Mirkonomika

Давлат қарзи учун юқори чегара белгиланибди бу яхши лекин

«Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳасида давлат қарзининг ЯИМга нисбатан энг юқори миқдори 60% этиб белгиланаяпти экан. Бу қарор ҳақиқатдан ҳам яхши, нормал вақтларда ҳукумат ўзини тийиши ҳамда ортиқча фискал харажатлар қилмаслиги учун давлат қарзига қонунан юқори чегара ўрнатилиши муҳум. Айниқса, ҳозирги каби қарзнинг самарали сарфланиши борасида жудаям кўплаб саволлар бўлса. Лекин тасаввур қилинг, давлат қарзининг ЯИМга нисбатан юки 60% атрофида шаклланиб турган вақтда, қандайдир сабабга кўра инқироз бошланди(масалан қандайдир ташқи беқарорлик натижасида). Бу вақтда монетар сиёсат валюта курси ҳамда инфлацияни барқарорлаштириш билан банд бўлса(ҳудди ҳозирги каби), ҳамда фискал сиёсат орқали харажатларни вақтинча ошириб иқтисодиётга стимул беришнинг имкони бўлмаса чунки давлат қарзи ўзининг юқори чегарасида шаклланиб улгурган.

Инқироз натижасида чўкаётган иқтисодиётда қарз юки қарз жалб қилинмаса ҳам ошади(масалан йилига 3 % қисқарган иқтисодиётга қўшимча қарз жалб қилинмаган тақдирда ҳам қарз юки ЯИМга нисбатан ошади). Ҳеч қандай стимулларсиз эса иқтисодиёт инқирозни узоқроқ ҳамда чуқурроқ ўтказишга мажбур бўлиши мумкин. Инқироз вақтида қилинган самарали стимуллар эса иқтисодиётнинг тезроқ қайта тикланишига сабаб бўлади. Яъни агар қарз юки белгиланган лимитга етганлигига қарамасдан, инқироз вақтида қарзни бироз ошириш орқали иқтисодиётга стимул бериш самаралироқ бўлиши мумкин. Тўғри бундай қилиш қарз юкининг янада ошишига олиб келади, лекин инқироз вақтида қилинган стимул инқирознинг осонроқ ҳам тезроқ ўтишини таъминлаши мумкин(инқироз вақтида самарали сарфланган ҳар сўмнинг қайтими анча юқори ҳамда муҳим бўлади). инқироз вақтида стимул орқали ўсишни қайта тиклаш балки қарз юкини қисқа мудатда ошириши мумкин лекин агар стимул натижасида инқироздан тезроқ чиқилса, унда кейинчалик қарз юки тезроқ пасаяди(албатта альтернатив ҳолатга нисбатан)

Умуман олганда давлат қарзига юқори чегара ўрнатиш яхши ва нормал(уни ЯИМга нисбатан 60% қилиб белгилашда ҳеч қандай илмий асос бўлмасада). Чунки бу иш қарор қабул қилувчиларни кўп ва самарасиз сарф харажатлардан тийиб туради. Лекин махсус ҳолатларда масалан кутилмаган инқирозда иқтисодиётга стимул жуда муҳим. Айнан шундай ҳолатларда қонунан ўрнатилган юқори чегара натижасида иқтисодиётга стимул берилмаслигининг оқибатлари узоқ ва жуда ёмон бўлиши мумкин.

Биламан, бизда кўпчилик давлатнинг қарз олишини ёмон ҳолат сифатида қабул қилади. Бундай ҳолатнинг шаклланишига жудаям кўп омиллар сабаб бўлган бўлиши мумкин(масалан олинган қарзларнинг самарали сарфланиши билан кўплаб саволлар мавжуд бўлиши мумкин). Лекин инқироз вақтида харажатларнинг оширилиши(албатта самарали оширилиши) одамлар ҳаёти учун жуда муҳим ва аҳамиятли. Айнан шу жиҳат инобатга олиниб ўрнатилган юқори чегара учун истисно(қарз юки ўрнатилган лимитда бўлган вақтларда кутилмаган инқриозларнинг кузатилиши) ҳолат киритилиши зарур деб ўйлайман.

Ҳозирги кунда давлат қарзининг юки ЯИМнинг 40% атрофида шаклланган. Умуман олганда мен тасвирлаган ҳолат яқин йилларда умуман содир бўлмаслиҳининг эҳтимоли юқори. Лекин барибир махсус ҳолатлар инобатга олиниши керак деб ўйлайман.

10% лик буфер қолдириш фикри албатта яхши, аммо вақт ўтиши билан қарз юки буфер даражасида эмас 60% лик даражада шаклланиб қолиши мумкин, хусусан пандемиядан кейин ҳеч ким яқин йилларда бундай йирик салбий ташқи омиллар бўлмаса керак деб ўйлашаётган эди. аммо жорий йил ҳам мамлакатимиз учун жудаям синовли бўлмоқда айтмоқчиманки, ташқи омиллар мамлакатимиз қонунан белгиланган 60% лик чегарага етганлигига қараб ўтирмайди. Шунинг учун қарз юки қонунан белгиланган юқори чегарага етган тақдирда ҳам баъзи истисно ҳолатлар албатта инобатга олишини зарур(ИМҲО).

@Mirkonomika