Get Mystery Box with random crypto!

​2021 йил учун таянч докторантлар ўртасида Ўзбекистон Республи | MinInnovation

​2021 йил учун таянч докторантлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси ғолибаси Шерматова Ирода Бахтиёр қизи бўлди. Танловга қатнашиш учун 31 та ариза тушган экан.

Авваллари бу каби танловлар ва унинг натижаларига жиддий эътибор бермасдим. Чунки бунақа танлов ғолибларига шубҳа билан қараш учун етарлича асослар бор эди. Ихтиёрий эзгу мақсад билан бошланган ишда «ўзбекчилик» қилиб қўядиган одатларимиз бу шубҳаларни табиий яралишига сабаб бўларди.

Лекин бу йил ЎР Президенти стипендиясида ғолиб бўлган олима синглимизга қараб, танловларда ижобий тенденция пайдо бўлаётганига бироз ишона бошладим. (Умуман олганда, барча танловлар доим баҳсларни келтириб чиқарган. Олтин тўпдан бошлаб Оскар мукофотигача. Ҳатто Нобел мукофоти устида ҳам етарлича баҳслашса бўлади)

Стипендиантни танийман. Эътиборга арзигулик иш билан шуғуллангани учун танийман. Ўз ишини яхши тушунади. Кумуш нанозаррача сақловчи гель олиш технологиясини яратиш устида ишлаган. Шу илмий янгилиги учун «Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишони билан тақдирланган эди.

Ирода илмий ғоя, концепция, технология яратиш, интеллектуал мулкни ҳимоялаш ва уни тижоратлаштириш цикллари ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлган кам сонли ёш олималардан.

Умид қиламизки, Ирода Шерматова шу йилни ўзида илмий даражани қўлга киритиб, илм-фанда янги тадқиқотлар билан бирга фанни оммалаштириш ишлари билан ҳам шуғулланишни бошлайди. Бу иш учун Иродада етарлича салоҳият бор. У ўз соҳасини яхши тушунади ва етарлича ораторлик қобилиятига эга.