Get Mystery Box with random crypto!

​Муаммони ҳал қилиш учун аввалам бор уни тан олиш керак. Кейин | Микрофон Ашуровда

​Муаммони ҳал қилиш учун аввалам бор уни тан олиш керак. Кейин муаммонинг илдизига болта уриш керак.

21 асрда электроэнергиядан муаммо бўлиши ақлга сиғмайдиган нарса. Нега энг ҳатто қолоқ давлатларда ҳам ҳал бўлган муаммо бизда ечилмаган? Муаммо қаерда? Биз шу муаммони тан олишга тайёрмизми? Ёки уни айтган одамни дарҳол тошбўрон қиламизми?

Келинглар масалага иқтисодий томондан ёндашайлик. Норентабил бизнес билан доимий шуғулланган индустрия ҳеч қачон ривожланмайди. Аксинча, у кун сайин ботқоққа ботиб бораверади. Бугунги электр энергияси нархи энергетика соҳасини доимий модернизация қилиш ва кенгайиб бориши учун рентабилми?

Бугун дунёда 1 кВтс электр энергиясининг ўртача нархи хонадонлар учун 0.14 USD, саноат учун 0.12 USD. Бизда эса, электр энергияси нархи 1 кВтс учун 0.028 USD (295 сўм). Дунё бўйича ўртача нархдан 5 баробар арзон. Ривожланган давлатлар ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман. Чунки энергия нархидаги фарқни айтсам, кўпчилик ойликлардаги фарқни раддия сифатида келтиради. Ваҳоланки, ИEСлар учун қозонлар, ГEСлар учун эҳтиёт қисмлар, СEСлар учун панелларни бизнинг энергетика саноатимиз ривожланган давлатлар билан бир хил нархда сотиб олади.
Бу ҳолатда энергетика соҳаси ўзини модернизация қила олмайди. Электр энергияси билан муаммо доимийлигича қолади. Соҳани тикламоқчимизми, нархларни нормал ҳолатга келтириш керак. Гарчи бу бизга ёқмаса ҳам. Аҳоли ҳам буни тан олиши керак. Ҳукумат ҳам гарчи ҳамма нарсанинг нархини оширса-да, энергетикага келганда популизмга берилиб, арзон тарифларни ушлаб турибди. Ҳукумат имижидан қўрқяптими, ҳайронман.

Тарифлар нормаллашгандан кейин энергетика индустриясини демонополизация қилиш керак. Бозорни рентабил қилмасдан туриб демонополизация қилиб бўлмайди. Чунки зарарига ишлайдиган аҳмоқ йўқ. Ҳамма нарсанинг ўз асл нархи бўлганда самара беради.
Аҳоли учун бу жараённи оғриқсизроқ қилиш учун дифференциаллашган тарифларни жорий қилиш ва бошқа усулларни ўйлаб топиш мумкин. Соҳани модернизация қилиб, янги технологияларни жорий қилгандан сўнг, агар бозор кўтарса, тарифларни пасайтириш ҳам мумкин.

Ва асосийси аҳолига савол. Фақат честно жавоб беринглар. Икки баробар қиммат нархга узлуксиз электр билан таъминланишни ҳохлайсизми? Уйингизда чироқ ўчмаслиги, қоронғида асабингиз бузилмаслиги учун сал кўпроқ пул тўлашга розимисиз? Ёки бугунги электр муаммолари доимийлигича қолиб, нархи ўта арзон бўлсинми? Ўйлайманки, кўпчилик узлуксиз электр энергия таъминотини танлайди.