Get Mystery Box with random crypto!

ЁМҒИР ҲАҚИДА БАЛЛАДА Булутлар кифтида этдим саёҳат, Осмондан | Laylo Sobir qizi

ЁМҒИР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Булутлар кифтида этдим саёҳат,
Осмондан ергача йўлни тарадим.
Учиб деразангга етдим ниҳоят,
Мен – ёмғир! Қарагин, жоним, қарагин!

Деразангни чертдим – берилиб чалди
Кузнинг баётини ҳўл бармоқларим.
Кузак – ҳам яратиб баҳайбат чолғу,
Гулханида ёнди, воҳ, оёқларим.

Деразангни чертдим. Ғуссаларинг мўл –
Сени асрагайлар дунёдан узиб.
Ташқарига қара, ёноқлари ҳўл –
Ойнага юз босмиш соғингчнинг юзи.

Тўрт девор ичинда мендан мосуво,
Яшайсан бир сирни юракка ютиб:
Мендан яшириндинг шифт тагига, о –
Деразага ҳайрон пардалар тутиб.

Ташқарига қара! Тенгман тупроққа –
Ҳижрон билан оғир баҳсларга тушдим.
Самони унутдим – келдим сўроқлаб –
Қандай осмонлардан пастларга тушдим!

Мени эшитмаслик мумкинмас... Охир
Эшигинг очилди – кўрдим кўзингни.
Аммо сен жунжикиб, энтикиб оғир
Соябон тагига олдинг ўзингни.

Сен мени севмайсан... Ёмғирман ночор –
Соябон сатҳида бекор уриндим.
Гоҳо этагингга етдим беозор,
Гоҳо этигингга бебахт суриндим.

Сенинг либосларинг қандай чиройли,
Уфурар бўйнингда қандай атирлар:
Борасан – гўёки бир гўзал ойни
Авайлаб чулғамиш ҳарир абрлар.

Ёзлик сургунимда – дилларим пора –
Соғиндим мен сени – юрагим тақир.
Сўра, майда қолган майсадан сўра –
Мен ҳам ёмон ёмғир эмасдим, ахир.

Энди куз севгимни солди қўшиққа,
Ҳажрингда вужудим тобора равшан...
Манзилга етасан. Ногоҳ эшикда
Мени соябондан силкиб ташлайсан.

Сени остонада қучади биров.
Гул каби ҳидлайди сени – тўймайди.
Ёғаман, ёғаман – равишим йиғлов –
Бундан кетай десам соғинч қўймайди.

Кўчада изғирин бўлди аламинг!
Олам – ғаминг тўла бир байтулхазан.
Деразани тутди туманли таним,
Деразани чертдим:
– Сени севаман!

Оқ учқун танимни ўтди оралаб,
Музлаган лабимга бири қўнди жим:
Тақдир шу кечда етди оралаб –
Фожеа етишди чоғи, севгилим!

Умрим тугаяпти – йўқдир дарагинг,
Сенсиз вужудимда қанча тоқат бор?
...Тонгда деразани очдинг. Қарадинг –
Ташқарида қордир, ташқарида қор.

Усмон АЗИМ