Get Mystery Box with random crypto!

Ҳалол ва ҳалол бўлмаган луқманинг таъсири Имом Абу Муҳаммад Ж | Mehrob.uz

Ҳалол ва ҳалол бўлмаган луқманинг таъсири

Имом Абу Муҳаммад Жувайний ўз қул меҳнати билан тўплаган ҳалол-пок, шубҳадан холи бўлган маблағини сарфлаб уйланган эди. Кейинчалик икки ҳарам имоми бўлиб танилган ўғли туғилгач, унга шубҳали бўлган таомларни едирмасликка қаттиқ ҳаракат қилди. Ўғлига фақат тоза, ҳалол нарсаларни берди. Ҳикоя қилинадики, ўзининг ҳозиржавоблиги билан танилган бу икки ҳарам имоми бир илмий мунозарада масалани баён қилишда тараддудга тушиб, ўйланиб қолди. Унга одамлар: «Эй Имом, сизда аввал кузатилмаган тараддудланиш ҳолати юз берди. Бунинг сабаби нима?» деб савол беришди. Шунда Имом: «Бу ўша бир ютум сут қолдиғининг асорати деб ўйлай ман», деди. Одамлар: «Эй Имом, бизга тушунтириб беринг, у бир ютум сут қиссаси нима ўзи?» деб сўрадилар. Имом шундай деди: «Онам отамга овқат тайёрлаш билан овора эди. Мен эса эмизикли гўдак эдим, шу сабаб йиғладим. Қўшниларимизнинг эмизикли чўриси ҳам бизникида эди. Йиғлаганимни кўриб, у менга энди бир ёки икки ютум сут ичирган эди ҳамки, отам кириб келиб, уни бу ишидан қайтардилар ва: «Бу чўри бизники эмас, қолаверса, у сутини ўзи хоҳлагандек тасарруф қила олмайди. Чунки хожаси бунга изн бермаган», деди. Кейин менинг оёғимни осмондан қилиб, силтаб, қорнимни эзиб, мажбурлаб қайт қилдириб, ичимни бўшатди, ичимдаги ҳамма нарсани чиқариб ташлади. Бу тараддудланиш шу сут қолдиқларининг асорати бўлса керак.

«Солиҳлар ҳаётидан сара нақл ва хабарлар» китобидан.
@mehrob_uz