2024-03-09 18:28:19
#ибрат
Aка
Жигарлик қадрини англамас биров,
Елкадош бўлмайди менга сендака.
Келгин болаликни эслайлик бирров,
Яна бир елкангда кўтаргин, ака.
Тупроқ кўчаларни кезайлик қайтиб,
Кезайлик қадрдон ўшал боғларни.
Ювайлик, беғубор онларга қайтиб,
Шум ҳаёт қолдирган қора доғларни.
Бирга талашиб гоҳ, тортишдик бирга,
Баъзан уйга қайтдик бурунларда қон.
Не машаққат бўлса, ортишдик бирга,
Зарбаларга бирга бўлолдик қалқон.
Лек, ҳаёт денгизи пўртаналари,
Aйлади йўлимиз айри ва айри.
Умрнинг нотекис поғоналари
Фикрлар жойлади тамоман ғайри.
Узоқлашиб турдик сен билан баъзан,
Баъзан кўришолмай қолдик-ку дийдор.
Қайсидир нодонга лутф қилиб - арзон,
Жигарга ширин сўз айтмадик бир бор.
Вафосиз улфатга давра тузатиб,
Нокас амалдорга тутдим қадаҳлар.
Тузим тотиб, менга оёқ узатиб,
Уйимнинг тўрида турди аблаҳлар.
Нотавон укангни кечир, акажон,
Иссиқ-совуғиндан олмадим хабар.
Сенсиз оқибатим қолар чала жон,
Сенсиз татимайди бу зебу забар.
Беғубор онларни соғиндим роса,
Умр ғаниматдир, вақт - олий ҳакам.
Кел энди, укангни бағрингга боса,
Кел энди, юрагим парчаси, акам!
Сақлаб олинг ва яқинларга ҳам улашинг!
@Meditsina_uz
15.0K views15:28