Get Mystery Box with random crypto!

ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ Юртимизда истиқлол ба | 🕋 Mavlono Lutfulloh.Uz 🕋

ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ

Юртимизда истиқлол байрами тантаналари давом этмоқда. Алҳамдулиллоҳ, байрамни оилаларимиз даврасида, ёр-дўстлар билан тинчлик ва хотиржамликда нишонлаяпмиз. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоятлари).
Қуръоннинг 50 дан зиёд сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар сулҳ-муроса, тинчлик ва бағрикенгликка чақирилган. Мусулмонлар учун энг афзал амал ҳақида келган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ алайҳиссаломдан сўрадилар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мусулмонларнинг афзали қайси киши?”. У зот алайҳиссалом: “Қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақол бор. Халқимизнинг орзуси, мақсади битта – жаҳондаги барча мамлакатларда, элларда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар бахтли ва фаровон ҳаёт кечирсин. Шунинг учун ҳам халқимиз Юртбошимиз бошчилигида доимо қўшни юртларда тинчлик бўлишини истаб келади. Бу айни динимизнинг ҳам ғоясидир. Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод қилиш учун яратди ва Ўзига ердаги ўринбосар қилди. Ерни куфру исён билан, бузғунчилик билан вайрон қилиш, мавжудотларнинг насл-уруғини қуритишдан қаттиқ қайтарди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).

Чуст тумани “Эшон сўфи бобо” масжиди
имом ноиби Убайдуллаев Яхёхон
КАНАЛИМИЗ: @SOFTALIMOTLAR
ГУРУҲИМИЗ: @SOF_TALIMOTLAR