Get Mystery Box with random crypto!

Дунёдаги кўпгина халқлар ўзларининг давлат тили мақомига эга ё | MA`RIFAT DARSI | INSPECTOR_UZ

Дунёдаги кўпгина халқлар ўзларининг давлат тили мақомига эга ёки расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Ҳозирги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бораётганини инобатга олсак, демак, ҳар бир миллат ёки халқ ўз она тилининг ривожи учун амалий ҳаракат қилмаса, вақт ўтиб ўша миллат ўз она тилини йўқотиши мумкин. Шукрки, юртимизда она тилимизни янада бойитиш, унинг нуфузини ошириш йўлида салмоқли ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда яна шуни таассуф билан айтиш керакки, қонун қабул қилинганига 30 йилдан ошган бўлса-да, ҳамон кўп жойларда хорижий сўзлар, ёзувларга кўзимиз тушади. Айрим вазирлик ва давлат идораларидаги кўпгина иш жараёнлари рус тилида олиб борилаётганлиги ҳам ачинарли ҳолдир.

Кўпинча кўча-кўйда, реклама пешлавҳаларидаги хато ёзилган сўз ва ибораларни кўриб дилимиз хуфтон бўлади. Тилга эътиборсизлик, унга саводсизларча муносабатда бўлаётган ҳамюртларимиз сабабли тилимиз оҳори тўкилиб бормоқда. Айниқса, миллий киноларимиздаги актёрлар, телевидение сухандонлари ва радиоэшиттишларни олиб борувчи айрим ёшларнинг шевада гапиришлари ғашингизга тегади. Баъзи мансабдорларнинг ҳар икки гапига битта русча сўзни қўшиб гапириши, журналистларнинг микрофон қаршисида «Нимайди», «Ҳалиги», «Анақа» деб талмовсираши, пойинтар-со­йинтар сўзлаши уларнинг ўзбек тилини яхши билмаслигидан далолатдир.

Тил – миллатнинг маънавий мулки. Тилни соф сақлаш, унинг ривожига ҳисса қўшиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш зарур. Шу сабабли ҳар биримиз она тилимизни соф ҳолда сақлаш, бойитиш учун ҳаракат қилишимиз даркор.

Ички ишлар органларида давлат тилида иш юритиш

Ички ишлар органларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ушбу жараёнда мазкур тизимда ҳам давлат тилида иш юритишга доир бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, ҳар бир ички ишлар органида давлат тилида иш юритиш масалаларига биринчи раҳбарларнинг шахсан жавобгар эканлиги аниқ белгиланди.

Шунингдек, соҳанинг барча таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмаларида тегишли раҳбарларнинг фармойишларига асосан ҳужжатларнинг давлат тилида қатъий юритилишини таъминлаш ишларига масъул ижрочи ходимлар бириктирилди. Ички ишлар органларида тайёрланган ҳар бир ҳужжатнинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги масъул ходим томонидан текширилгандан сўнг, раҳбар томонидан имзоланиши ва ижрога қаратилиши амалиёти йўлга қўйилди. Норматив-ҳуқуқий ва ички идоравий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда давлат тилига оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши қатъий назоратга олинди.

Ички ишлар органлари ходимларининг ўзбек адабий тили меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари, расмий ҳужжатлар ва уларни юритиш бўйича назарий билим ҳамда амалий кўникмаларини ошириш масалалари ИИВ раҳбариятининг диққат марказида.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ташкил этилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида Ички ишлар вазирлиги таркибий тузилмаларининг масъул лавозимларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимнинг малакаси оширилиб, уларга марказ томонидан тегишли сертификатлар берилди.

Ҳарбийча саломлашиш, буйруқ ва чақириқлар давлат тилида

Давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан «Ўзбекис­тон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти томонидан янгиланган ҳолда 5 жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» ва «Давлат тилида иш юритиш» китоблари чоп этилди. Уларнинг ҳар биридан 100 донадан Вазирлик таълим муассасалари ҳамда таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмаларига фойдаланиш учун бепул тарқатилди.