Get Mystery Box with random crypto!

Маънавий-маърифий соҳада давлатимиз томонидан амалга оширилаёт | MA`RIFAT DARSI | INSPECTOR_UZ

Маънавий-маърифий соҳада давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар замирида юртимизда таълим, илм-фан, маданият маърифат, аждодлар меросини ўрганиш, қадрлашга бўлаётган катта эътибор нафақат мамлакатимиз ва минтақа аҳолиси, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юксак эътирофга сазовор бўлмоқда. Дунё тамаддуни бухорийлар, фарғонийлар, самарқандийлар, хоразмийлар, термизийлар, насафийлар таратган илм зиёсидан қанчалар баҳраманд бўлган бўлса, бугунги кунда ҳам бу баҳрамандлик давом этмоқда, аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий мерос ўз қадри ва аҳамиятини асло йўқотгани йўқ. Дунё миқёсида халқаро терроризм, радикализм, экстремизм каби чегара билмас таҳдидлар хавфи ортиб бораётган бугунги кунда ҳам маънавият ва маърифат жаҳолатга қарши курашишнинг энг самарали воситаси сифатида тан олинмоқда.

Мафкура полигонларида ғоявий-мафкуравий курашнинг тобора авж олиши ёшлар онги ва қалбини экспанция (забт этиш) этишга замин яратмоқда. Шу тариқа, маънавий тубанлик таъсири оқибатида маданиятсизлик, эътиқодсизлик каби бир қатор «таълимотлари» баъзан ошкора, баъзан эса яширин тарзда тарғиб этилмоқда. Натижада миллий руҳ, миллатнинг ўзига хослиги ва унинг асрий қадриятларига рахна солиш орқали зимдан емиришга замин яратилмоқда.

Глобаллашув шароитида мазкур иллатнинг ижтимоий намоён бўлиши муай­ян минтақа ва мамлакат аҳолиси онги, қалбини забт этмоқда. Натижада мазкур иллат асл маънавий қадриятларни таназзул сари етаклаб, ҳар бир ҳалқ ва миллатнинг ўз маданияти, маънавияти ва қадриятларини инкор этиши орқали ёшлар онгида бир-бирига мутлақо зид бўлган дунёқарашни шакллантирмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, маънавият халқимиз ор-номусини уйғотувчи беқиёс куч, озодлик, ватанни севишга ундовчи даъваткор туғёндир. Бугунги замон шиддати ҳар бир миллатнинг келажакда ўзлигини сақлаб қолиши учун, энг аввало, маънавият масаласига бўладиган таҳдидлардан мунтазам огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишни кечиктириб бўлмас асосий масала сифатида кун тартибига қўймоқда.

Бинобарин, дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси, «оммавий маданият», наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш; жамиятимизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган ички таҳдидлар – эл-юрт тақдирига лоқайдлик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам беришга қаратилган комплекс тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; ёшларда соғлом дунёқараш, жумладан, китобхонлик кўникмасини шакллантириш, интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш; халқимизнинг тарихий мероси, урф-одатлари ва миллий тарбия анъаналарини асраб-авайлаш, кенг аҳоли қатламлари, айниқса, ёшларимиз ўртасида динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш каби долзарб масалалар Республика Маънавият ва маърифат маркази зиммасидаги ҳал қилиниши кечиктириб бўлмайдиган вазифалардир.

Маълумки, салкам уч ўн йилликдан буён ички ишлар органларида ҳам маънавий-маърифий ишлар мунтазам олиб борилмоқда. Зеро, бугунги осойишталик посбони нафақат жисмоний ва жанговар жиҳатдан давр талабига жавоб берадиган, балки маънавий жиҳатдан етук ва буюк аждодлари каби маърифат эгаси бўлиши лозим. Шу мақсадда, Президентимиз Мурожаатномаси ҳамда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалардан келиб чиққан ҳолда, ички ишлар органларида ўтказиладиган ҳафталик маънавият ва маърифат дарсларини сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирларини белгилаб олишимиз зарур.