Get Mystery Box with random crypto!

2021 йил POSTDA-НА ПОСТУ газетасида эълон қилинган маърифат да | MA`RIFAT DARSI | INSPECTOR_UZ

2021 йил POSTDA-НА ПОСТУ газетасида эълон қилинган маърифат дарси

4 - мавзу

МАЪНАВИЯТ – ДУНЁНИ ҚУТҚАРАДИ

Маънавият инсоннинг ўзлигини англатувчи бетакрор мўъжизавий куч-қудратга эгадир. Маънавият шундай қудратли кучдирки, у миллатни буюк ва улуғвор мақсадлар сари бирлаштирувчи байроқдир

Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир!
Шавкат МИРЗИЁЕВ

Бугунги кунда мамлакатимизда аниқ мақсадга йўналтирилган маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Зеро, маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш жиддий фикр юритишни тақозо этади. Шунинг учун ҳам Президентимиз раислигида жорий йил 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида маънавият масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: «Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият», дея таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, диёримиз миллий қадриятлари, маданияти ривожланган, юксак маънавиятга эга тамаддун ўчоғидир. Тарихдан маълумки, юртимизда маънавият машъалини баланд кўтарган буюк алломалар етишиб чиққан. Ўзининг бой маънавий мероси билан дунёга зиё таратган Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Алишер Навоий каби мутафаккирлар мероси халқимиз маънавиятининг юксалишига замин яратган.

Дунёнинг турли минтақа ва давлатларида содир бўлаётган аянчли воқеалар таҳлили оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот технологиялари, жумладан, интернет тизими, ижтимоий тармоқлар ва электрон нашрлар кўп ҳолларда айрим бузғунчи кучлар қўлида турли сохта, зарарли ғоя ва мафкураларни тарғиб этишнинг қулай ва тезкор воситасига айланиб қолаётганлигини кўрсатаётир. Бу каби таҳдидлар миллий ва умуминсоний қадриятларнинг емирилишига, зўравонлик, инсон тақдири, жамият ҳаётига беписандлик, масъулиятсизлик, лоқайдлик, андишасизлик, беҳаёлик каби иллатларнинг илдиз отишига замин яратмоқда. Натижада одамзотнинг ўз тарихий, диний, миллий-маънавий илдизларидан узилиб қолишига сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат жаҳондаги кўплаб давлатларда умумий тенденцияга айланиб бормоқда.

Маънавият ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омили ҳисобланаркан инсон маънавий олами, халқимиз маданиятини белгилайдиган манбаларни асраб-авайлаш ва бойитиш, ўз навбатида, жаҳон илм-фани ютуқлари ва умумбашарий тараққиётга замин яратиши шаксиздир.

Янги Ўзбекистон миллий тараққиётнинг янги даврига қадам қўйди. Буни барча соҳалардаги туб ўзгаришлар қатори, маънавият ва маърифатга бўлган муносабатларда ҳам кўриш мумкин. Айниқса, юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасида улкан ишлар қилинилаётганлиги диққатга сазовордир. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятларининг йўлга қўйилиши мамлакатимизда муқаддас Ислом дини қадриятлари ва анъаналарини янада ривожлантиришга замин яратмоқда.