Get Mystery Box with random crypto!

​​Сўнгги тўрт йил вақт мобайнида барча соҳалар сингари ички иш | MA`RIFAT DARSI | INSPECTOR_UZ

​​Сўнгги тўрт йил вақт мобайнида барча соҳалар сингари ички ишлар тизимида ҳам кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида, «Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу – ички ишлар соҳаси, десак, айни ҳақиқат бўлади», деб таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари, жамият ҳаёти учун катта таҳдид бўлган уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, коррупция, одам савдоси ва наркотрафикка қарши кураш кучайтирилгани, бу борада илм-фан ютуқлари ва илғор технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилгани, ана шундай ислоҳотлар натижасида ички ишлар органлари замонавий техника билан таъминланган, халқчил ва очиқ, криминоген вазиятни мустаҳкам ва ишончли назорат қила оладиган, мобиль ва ихчам тузилмаларга айланиб бораётганини, энг муҳими, соҳа ходимларининг маънавий қиёфаси, жамиятимиздаги обрў-эътибори юксалиб бораётганини қайд этди.
Ҳақиқатан ҳам, ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилаётгани, соҳада ўз бурчи ва қасамёдига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар ходимлар сони кўпайиб бораётгани, ички ишлар органи бошлиғидан тортиб профилактика инспекторигача халқ олдида ҳисобот берадиган амалиёт жорий этилгани аҳолининг ислоҳотларга бўлган ишончини янада оширмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг ички ишлар органларида, аввало, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар ва ходим фаолиятининг кундалик қоидаси бўлишига, бошлиқлар таркибининг якуний натижа учун шахсий жавобгарлигини оширишга, фуқаролар мурожаатларини қисқа муддатларда ҳал қилишга, шунингдек, ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бу ички ишлар органларининг барча бўғиндаги раҳбарлари ва ходимларидан юксак масъулият, ватанпарварлик, юклатилган вазифаларни бажаришга сидқидилдан ва виждонан ёндашиш, ташкилотчилик, меҳнатсеварлик ҳамда ташаббускорлик каби фазилатларни талаб қилади.
Маълумки, тизимда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар энг аввало, етук малакали мутахассис кадрлар фаолиятига боғлиқ. Шу боис ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш мезонлари ва шартларини янада такомиллаштириш, интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савияси юқори бўлган кадрларни тайёрлаш, ходимлар малакасини ошириш, раҳбар кадрлар захирасини яратиш каби жараёнларни, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот масалаларида юқори самарадорликка эришган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда ташкил этиш давр талабига айланди.
Тизимда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини аниқлаш ва комплекс баҳолаш бўйича шаффоф рақамли электрон дастурни жорий этиш, бунинг учун, унинг индикатор ва субиндикаторларини шакллантириб амалиётга татбиқ этиш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса ички ишлар органлари соҳавий хизматлари раҳбарларининг ҳудудларда ҳуқуқ устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш борасидаги масъулиятини кучайтиришга, бунинг натижасида тегишли халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрни янада яхшиланишига хизмат қилади.
Шу боис хизматга янгича ёндашиш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш, фидойилик ва жонкуярлик кўрсатиш ички ишлар органларининг барча бўғиндаги раҳбар ва ходимлари хизмат фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур.
Зотан, ички ишлар органи давлатнинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим сифатида юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётнинг янги даври пойдеворига ҳам муносиб ҳисса қўшиши лозим.

Баҳром САИДОВ,
ИИВ Академияси Илмий кенгаши котиби,
юридик фанлар доктори, доцент.